Эронда Тожикистон фуқароси ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
21 Сентябрь 2023
10084Эрондаги масжидга ҳужум уюштирган асосий гумонланувчи, асли тожикистонлик Раҳматулла Наврўзов ўлимга ҳукм қилинди. Бу ҳақда Форс вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Сайид Козим Мусавий маълум қилди.
“Шоҳ Черах масжидида зиёратчилар ва хизматчиларга ҳужум қилиш бўйича биринчи рақамли айбланувчи Раҳматулла Наврўзов икки марта ўлим жазосига ҳукм қилинди”, дейди Фарс вилояти адлия бошқармаси бошлиғи.
Сайид Козим Мусавийнинг айтишича, қолган икки айбланувчига 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши ҳамда улар Эрондан депортация қилиниши мумкин.
Маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароси Раҳматулла Наврўзов ИШИДга ижтимоий тармоқлар орқали қўшилган. У дастлаб Туркияга, ундан кейин ноқонуний равишда Эронга, сўнгра Покистонга, у ердан Афғонистонга кириб, ИШИД террорчилик гуруҳи таркибида 3 ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган. ИШИД эмиссарлари унга Шоҳ Черах масжидига ўт қўйиш ва диндорларни отиб ташлашни буюрган. Оқибатда у масжидга бензин билан келиб, гиламларга ўт қўйишга улгурмасдан қўлга олинган. У олдида бўлган автомат билан ўткинчиларга қарата 11 марта ўқ узган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 август куни Эроннинг Шероз шаҳридаги Шоҳ Черах масжидида теракт содир бўлган эди. У ерда 2 киши ҳалок бўлган, яна 7 киши жароҳат олганди.
LiveБарчаси