Эронда ота 35 ёшли эркак билан қочиб кетган 14 яшар қизини бошидан жудо қилди

Олам 90287
image

Эрон Ислом Республикасида ота “номусга қўйган“ 14 ёшли қизини бошидан жудо қилиб, қотиллик амалга оширди. Жиноятдан бутун мамлакат ларзага келди. Ижтимоий тармоқларда бу воқеа катта норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera“ нашри хабар берди.

Ҳодиса шимолий Гилон вилоятидаги Талеш шаҳрида юз берди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ота қизини ўроқ билан ўлдирган.

Марҳумнинг исми Ромина Ашрафи эди. Фожиа бошланишидан бир неча кун олдин у севиб қолган 35 ёшли эркак билан уйдан қочиб кетади. Ота бундай муносабатларга қарши эди. Полиция қизни топиб, унинг уйида хавф кутиб тургани ҳақидаги огоҳлантиришига қарамай, оиласига қайтарди. Бироз вақт ўтгач, Ромина ўлдирилди.

Қизини ўлдирганидан кейин ота ихтиёрий равишда милиция бўлимига қўлида жиноят қуроли билан келган ва ўз қилмишини тан олган. Жиноятчи ҳибсга олинган. Амалдаги қонунларга кўра, у 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қотилликдан кейинги норозилик намойишлари пайтида Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонунларни кучайтириш зарурлигини эълон қилди. Руҳоний фожиадан афсусда эканини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Эронда қизлар 13 ёшдан кейин турмушга чиқиши мумкин. Шунга қарамай, мамлакатда қизлар никоҳланишининг ўртача ёши 23 ёшни ташкил этади.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4829
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×