Эронда 22 яшар қиз ўлимидан кейин алангалаган намойиш қурбонлари сони 35 кишига етди
Олам
−
24 Сентябрь 2022
7106Эрон ҳукумати 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан сўнг Ислом Республикасини қамраб олган оммавий намойишларда ҳалок бўлган ва яраланганларнинг аниқ сонини маълум қилмаяпти. Бироқ Эрон давлат телевидениеси қурбонлар сони ҳақида дастлабки маълумотларига кўра, қурбонлар 35 нафарга етиши мумкин.
Эроннинг 100 дан ортиқ шаҳарлари ва 30 дан ортиқ вилоятида норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Fox News”. Намойишчилар полиция ва ҳукумат биноларига ўт қўймоқда. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўзни ёшлантирувчи газ билан жавоб берган. Камида беш нафар полициячи ҳалок бўлди, дея хабар беради “The Telegraph”.
Эрондаги тартибсизликлар фонида мобил интернет ўчирилган. Эрон разведка вазирлиги 22 сентябрь куни намойишларда иштирок этиш қонун бузилиши эканлигини ва барча намойишчилар судга тортилишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси