Эронда ҳибсга олинган италиялик журналист озод қилинди
Олам
−
11:07
2097Эронда ҳибсга олинган италиялик журналист Сесилия Сала Теҳрондаги қамоқхонадан озод қилинди. Бу ҳақда Италия ҳукумати хабар берди.
Қайд этилишича, Италия Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Риккардо Гуариля Эрон элчиси Муҳаммад Ризо Сабурий билан суҳбатда журналистни зудлик билан озод қилишни талаб қилган. Бош вазир Жоржия Мелони бу ҳақда журналистнинг яқинларига маълум қилган.
Сесилия Сала - янгиликлар подкастининг машҳур бошловчиси сифатида фаолият юритган. Ҳозирча журналистни озод қилиш ҳолатлари ва шартлари маълум қилинмаган.
Маълумот учун, Сесилия Сала 2024 йил 19 декабрь куни Теҳронда журналистлик фаолияти давомида ҳибсга олинган. Қамоққа олиш АҚШ талабига биноан Эрон фуқароси Италияда қўлга олинганидан бир неча кун ўтиб содир бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 4 январь куни Италия Бош вазири Жоржия Мелони Мар-а-Лагода АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан учрашган ва суҳбат чоғида ўтган ой Эронда ҳибсга олинган италиялик журналист Сесилия Сала тақдири муҳокама қилинганди.
Моҳимбегим Маъруфалиева