Эронда ҳибсга олинган 16 ёшли қиз вафот этди (видео)
Олам
−
29 Октябрь 2023
24337Эронда ахлоқ полициясининг ҳижоб ўраш талабидан бош тортгани учун ҳибсга олинган 16 ёшли Армита Гараванд шифохонада вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги қошидаги “Borna” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 октябрь куни Армита Гараванд исмли 16 ёшли қиз Теҳрон метросининг Шоҳада станциясида ҳибсга олинган. У қўлга олинишидан аввал дўстлари билан метро вагонига кирмоқчи бўлган, бироқ вагон ичида номаълум куч таъсирида йиқилиб, станциянинг ташқи четига боши билан урилган.
Давлат оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган ҳибсга олиш ёзувларида хавфсизлик кучлари беҳуш Гаравандни поезддан олиб чиқиб кетаётгани акс этган.
“Гараванд йиқилган вақтида станциянинг ташқи четига урилиб, бошидан жиддий жароҳат олди. Афсуски, бу унинг мия шикастланиши ташхиси билан бир мунча вақт комада ётишига ва бир соат олдин (28 октябрь куни — таҳр.) вафот этишига олиб келди”, деб ёзади “Borna” воқеанинг расмий версиясидан иқтибос келтирган ҳолда.
“Hengaw” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Армита Гараванд ҳибсга олиш пайтида ахлоқ полицияси ходимларининг жисмоний зўравонлиги туфайли комага тушиб қолган. Бироқ Эрон ҳукумати буни кескин рад этмоқда.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга “юрак етишмовчилиги” сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчи калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олган. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Сентябрь ўрталаридан бери Эронда жами 18,5 минг киши ҳибсга олинган. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.
LiveБарчаси