Эрон Ҳормуздан ўтиш учун тўлов жорий этди
Олам
−
30 Март 7010 2 дақиқа
Энди Ҳормуз йўли орқали ўтиш учун тўлов олинади. Теҳрон транзит учун қанча тўлов олишини ошкор қилмади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
“Тез орада, қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан, ушбу сув йўлини янги тизим бошқаради. Кемалар учун хавфсизлик ва хизматлар қонун лойиҳасида кўзда тутилган тўловлар орқали таъминланади”, дейилади хабарда.
20 март куни Эрон Ҳормуз бўғози орқали транзит учун тўлов жорий этганини хабар қилди. Нашрга кўра, тасдиқланган ташувчилар учун “хавфсиз йўлак” ташкил этилган бўлиб, битта оператор транзит учун тахминан 2 миллион доллар тўланган. Ўша пайтда рухсатномалар ҳар бир ҳолат учун алоҳида берилган. Бироқ, Эрон кемаларни рўйхатдан ўтказиш билан расмий транзитни тасдиқлаш тизимини ишга туширишни режалаштираётгани таъкидланган.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг Эрон Ҳормуз бўғозида савдони тўхтатишини эълон қилди. Жанглардан олдин дунё нефти, конденсати ва нефть маҳсулотларининг 15-20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг 30 фоиздан ортиғи сув йўли орқали ўтган.
25 март куни Ислом Республикаси дўстона мамлакатлар: Россия, Ҳиндистон, Ироқ, Хитой ва Покистон кемаларига Ҳормуз бўғози орқали транзит ўтказишга рухсат берди. Шу билан бирга, мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон рақибларига бўғоздан фойдаланишга рухсат беришнинг маъниси йўқлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги вазият кескинлашуви фонида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш ва ўғитлар савдосига кўмаклашиш учун махсус механизм яратиш ташаббуси билан чиққанди.