Эрон ҳам Исроилга Ироқ ҳудудидан зарба бермоқчи
Олам
−
01 Ноябрь
5683Эрон яҳудий давлати томонидан яқинда амалга оширилган ҳужумга жавобан Ироқ ҳудудидан жиддий зарба бермоқчи. Бу ҳақда Исроил разведкасига таяниб, “Axios” хабар берди.
Нашрга кўра, Теҳрон АҚШда 5 ноябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан кўплаб дронлар ва баллистик ракеталар ёрдамида операцияни амалга ошириши мумкин. Эрон зарбани Ироқ ҳудудидан амалга оширишни танлагани эса ўзининг стратегик объектларига нисбатан янги Исроил ҳужумидан қочишга уриниш сифатида талқин қилинмоқда.
Нашрнинг АҚШ маъмуриятидаги бир манбасига кўра, улар эронлик расмийлар томонидан яқин орада зарба бериш бўйича якуний қарорлар қабул қилингани ҳақида маълумотга эга эмас.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 октябрь куни Исроил Эроннинг 1 октябрдаги ҳужумларига жавобан мамлакат ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба берган эди. Эрон Ислом Республикаси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари баёнотига кўра, ҳужум Эроннинг Илом, Теҳрон ва Ҳузистон вилоятларидаги ҳарбий объектларга қаратилган, аммо зарар чекланган даражада қолган, шунингдек, ҳаво мудофаа тизимлари асосий зарбани муваффақиятли қайтарган. Исроил зарбалари оқибатида камида тўрт эронлик ҳарбий хизматчи ва бир тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Шунингдек, Эрон Қуролли кучлари бош штаби Исроил Эронга зарба бериш учун АҚШ армияси назорати остидаги Ироқ ҳудудидан фойдаланганини маълум қилганди.
LiveБарчаси