Эрон “валиаҳд шахзодаси” Исроилга борди. Бу қаҳрамонликми ёки иккиюзламачилик?
Олам
−
20 Апрель 2023
16539Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли, монархия давридаги валиаҳд шахзода Ризо Паҳлавий Исроилга бориб, Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва бошқа расмийлар билан учрашди. Бу ҳақда “Aljazeera” хабар берди.
Ризо Паҳлавий Эроннинг ҳозирги теократик тузумига олиб келган 1979 йилги ислом инқилобидан сал олдин мамлакатни тарк этган. У Америка Қўшма Штатларида яшаган ва ўнлаб йиллар давомида ўзини Эрон республикасига қарши асосий шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган.
Ҳозирда 62 ёшни қаршилаган Паҳлавий Исроилга сафари давомида мамлакат Разведка вазири Гила Гамлиэль, Бош вазир Нетаньяху ва Президент Ицхак Герцог билан учрашган. Ўзини дунёвий, демократик Эрон тарафдори деб атаган Паҳлавий Исроилга сафаридан мақсад порлоқ келажак қуриш экани, шунингдек, Исроил халқига Эрондаги ҳукумат Эрон халқининг вакили эмаслигини билдиришни хоҳлашини айтган.
Ризо Паҳлавий ўта ўнгчи Исроил ҳукумати томонидан мамнуният билан кутиб олинган ва уни тарихда Исроилга ташриф буюрган энг кўзга кўринган эронлик деб аташган. Шунингдек, Исроил Паҳлавийни Эроннинг сургундаги валиаҳд шаҳзодаси, деб билишини ҳам маълум қилган.
Ризо Паҳлавий Исроил расмийлари билан турли тадбирларда қатнашган, жумладан, Холокостни хотирлаш куни тадбирида иштирок этган, Ғарбий девор ёнига борган ва у ерда ибодат қилган, шунингдек, шу ойда фаластинликлар томонидан содир этилган отишмада икки қизи ва хотинини йўқотган раввин Лео Дини зиёрат қилган. Бироқ “валиаҳд шаҳзода” муқаддас Рамазон ойида исроиллик аскарларнинг қайта-қайта рейдларига учраган Ал-Ақсо масжидига бормаган, Фаластин ҳақида ҳам лом-мим демаган.
Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги эса Паҳлавийнинг ташрифи ҳеч қандай изоҳ ёки муносабатга арзимаслигини билдирган.
“На сиз айтган шахс, на унинг сафардан кўзлаган мақсади ва на у борган жой муҳокама қилишга арзимайди”, деган Эрон ТИВ матбуот котиби Носир Канани ундан мазкур сафар борасида изоҳ сўралганда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Эрон ахлоқ полицияси ҳибсхонасида Маҳса Амини исмли курд аёлининг вафот этиши ортидан бутун мамлакат бўйлаб авж олган норозилик намойишларидан сўнг Паҳлавий тобора ўзини асосий мухолифат етакчиси ва келажакдаги Эроннинг асосий шахси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. У бир қанча мамлакатларга борган, Америка ва Европа сиёсатчилари билан учрашган, бошқа мухолифат вакиллари билан ҳам алоқалар ўрнатган.
Унинг тарафдорлари Ризо Паҳлавийни минг йиллар олдин Форс империясига асос солган ҳукмдор Буюк Кир билан таққослаб, уни “замоннинг Кири” деб номлаган. Ушбу тарафдорларнинг кўпчилиги унинг Исроилга ташрифидан ҳаяжонланиб, Паҳлавийни кўприк қурувчи сифатида олқишлаган. Шунингдек, улар Паҳлавийнинг Ғарбий деворда “кипа” (яҳудий эркакларнинг анъанавий бош кийими) билан кўриниш берганини ҳам мақтаб, антисемитизмни қоралашган.
Бироқ танқидчилар худди шу тасвирни иккиюзламачилик сифатида баҳолаган, чунки Исроил кучлари босиб олинган Ғарбий Соҳилда яшовчи фаластинликларга қарши рейдлар уюштирмоқда ва мамлакат халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан фаластинликларга қарши “апартеид” деб тан олинган Исроилнинг энг ўнг қанот маъмурияти томонидан бошқарилмоқда.
“Паҳлавий ҳар куни демократия ва инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилаётганлар билан ҳамнафас бўла туриб, ўзини қандай қилиб бу қадриятлар ҳақида қайғураётгандек кўрсатиши мумкин?” деган Вашингтондаги Халқаро сиёсат маркази ходими Сина Тоосси.
Паҳлавийнинг рафиқаси Ясмин ҳам Instagram саҳифасида ўтган йилги намойишлардан бери кенг қўлланилган “аёл, ҳаёт, эркинлик” хештегининг форсча муқобили билан ёш исроиллик аскар аёл суратини жойлаштирганидан сўнг танқидларга учраган.
Сиёсий фаол Али Афшарий эса Паҳлавий фақат ўзи ва ўз тарафдорлари номидан хабар етказа олишини, бироқ бутун Эрон халқи номидан гапира олмаслигини, чунки у ҳали халқнинг қўллаб-қувватловини қозонмаганини айтган.
“Исроилликларнинг кўпчилигининг норозилигига сабаб бўлган Исроил тарихидаги энг экстремистик ҳукумат таклифини қабул қилиш ғурурланадиган эмас, балки шармандали ҳолатдир ”, деб ёзади Али Афшарий Twitter саҳифасига.
Маълумот учун, Эрон ва Исроил Паҳлавийнинг отаси даврида тўлиқ дипломатик алоқаларга эга бўлмаган, аммо 1960-1970 йилларда консуллик ва иқтисодий алоқаларни сақлаб қолган. 1979 йилги инқилобдан кейин бу ҳолат тескари бўлиб, икки давлат ашаддий душманга айланган. Теҳрон йиллар давомида Исроил давлати йўқ қилинишини ваъда қилиб келади. Хусусан, яқинда ҳам Эрон Президенти Иброҳим Раисий Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарларини яксон қилиш билан таҳдид қилган. Исроил расмийлари ҳам Эронга зарба бериш режаларини бир неча бор муҳокама қилган ҳамда Эроннинг ядровий иншоотларини саботаж қилиш ва олимларни ўлдиришда айбланган.
LiveБарчаси