Эрон уранни яширишга улгурди

Таҳлил

АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан сўнг, Президент Дональд Трамп бу ҳужум жуда муваффақиятли ўтганини айтди. Бу ҳужумнинг энг асосий 3 та нишони бўлиб, улар ичидаги энг мураккаб объект шубҳасиз Фордода жойлашган еростидаги уранни бойитиш заводи эди. Расмийларнинг маълумотларига кўра, еттита АҚШ ҳарбий самолёти Фордодаги ядро объектига, шунингдек, Натанздаги объектларга 13,6 тонна оғирликдаги бункербузар бомбаларни ташлаган. АҚШ ҳарбий-денгиз флоти сувости кемаси эса учинчи нишон – Исфаҳондаги объектга йигирмадан ортиқ қанотли ракета учирган.

Аммо бу билан Эрон ядро салоҳиятининг энг асосий устуни бўлган юқори даражада бойитилган уран йўқ қилиндими деган савол ўртага чиқади. Қизиғи шундаки, Эронга берилган зарбалардан кўп ўтмай, Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абедини ушбу учта ядровий объектдаги зарур ядровий материаллар АҚШ зарбасидан олдин олиб чиқиб кетилганини маълум қилди. Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам 22 июнь куни Эроннинг АҚШ зарбалари оқибатида нишонга олинган учта ядровий объектида радиация даражасининг ортиши кузатилмаганини маълум қилди.

Орадан кўп ўтмай, Maxar Technologies сунъий йўлдошлардан олинган тасвирларни тақдим қилди. Унда АҚШнинг Эронга қилган ҳужумидан 2 кун олдин Фордо ядровий иншоотида атрофида тўпланган қатор юк машиналари акс эттирилган. Бу эса Эрон расмийларининг у ердан бойитилган уран ва бошқа материаллар аллақачон олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги даъволарини бирмунча тасдиқлайди. Устига-устак, кўплаб сиёсий доиралар, хусусан, АҚШ вице-президентининг ўзи ҳам Эроннинг ядровий салоҳияти буткул йўқ қилинганига кафолат бермади.

Тоғ остида 300 фут баландликда жойлашган ва бетон қатламлари билан мустаҳкамланган қалъага ўхшаш Фордо иншооти Эрон пойтахти Теҳроннинг жанубида жойлашган. Бу мамлакатнинг энг илғор ядровий майдони. Шанба куни Натанз ва Исфахондаги ядро иншоотлари билан бир қаторда Фордо АҚШ ҳаво ҳужумлари нишонига айланди. Трамп босқинни Эроннинг асосий бойитувчи объектларини “бутунлай йўқ қилган” “ажойиб ҳарбий муваффақият” деб таърифлади. АҚШ Президентининг операция натижаси ҳақидаги даъвосини мустақил равишда тасдиқлаб бўлмади.

Эрон МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатмоқчи

АҚШнинг Эрон ядровий объектларига йўллаган зарбасидан сўнг расмий Теҳрон ўзининг бу  борадаги сиёсатини ўзгартириш ҳақида жиддий ўйламоқда. Улар ишни МАГАТЭ билан алоқаларни  узишдан бошлаши мумкин. Хусусан, Эрон парламенти спикери Муҳаммадбағер Ғолибаф парламент Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатишни режалаштираётгани  ҳақида маълум қилди.

“Биз парламентда Эроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлигини тўхтатувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз. Бу ҳамкорлик фақат МАГАТЭ ўз фаолиятида объектив ва касбий тамойилларга амал қилишига аниқ кафолатлар бўлган тақдирдагина тикланади”, дейди Ғолибаф. 

Унинг айтишича, Эрон ҳеч қачон “тинчликдан бошқа йўналишда” ядро дастури ишлаб чиқишни режалаштирмаган. Шунга қарамай, у МАГАТЭ ҳеч бир мажбуриятини бажармаганини ва ташкилот “сиёсий босим воситасига айланганини” таъкидлаган. Эрон атом энергияси ташкилоти эса мамлакат ядровий саноатни ривожлантиришда давом этишини эълон қилди. Аввалроқ эса Эрон Халқаро атом энергияси агентлигини ва бошқа тегишли халқаро ташкилотларни АҚШнинг бу жиноятига қарши зудлик билан кескин чора кўришга чақириб, мазкур очиқ тажовузкорона ҳаракат қаршисида сукут сақлаш жаҳонни мислсиз ва кенг қамровли хатарга дучор қилишидан огоҳлантирганди.

Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Трампнинг Эронга зарба йўллаш тўғрисидаги буйруғидан бир неча кун олдин МАГАТЭ ҳам АҚШнинг ўз миллий разведка агентлиги ҳам Эрон ядровий қурол ишлаб чиқмаётгани ҳақида маълум қилганди. Аммо Трамп бу хулосаларнинг барчасига тупурди ва бир ярим йилдан буён чақалоқлар, болалар, аёллар ва қарияларнинг қассобига айланган Нетаньяху бошлаган урушга бутун Қўшма Штатларни ҳам тортди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон уран Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг