Эрон Украинага ракета зарбалари билан таҳдид қилди
Олам
−
19:44 4304 2 дақиқа
Эрон, агар Украина Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатишни, хусусан, дронлар етказиб беришни давом эттирса, ушбу мамлакатга ракета зарбалари беришни бошлайди. Бу ҳақда Эрон парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси раиси Иброҳим Азизий ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Исроил режимини дронлар билан қўллаб-қувватлаётган ва парокандаликка юз тутган Украина амалда урушга аралашиб қолди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 51-моддасига мувофиқ, у ўзининг бутун ҳудудини Эрон учун қонуний нишонга айлантирди”, деб ёзди у.
Украина ҳақиқатан ҳам Яқин Шарқ мамлакатлари билан Эрон дронларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштирган. Жорий йилнинг 8 март куни Украина Президент Владимир Зеленский украиналик экспертлар Америка базаларини ҳимоя қилиш учун тутувчи дронлар билан бирга Иорданияга юборилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, жами 11 та давлатдан, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатлари, АҚШ ва баъзи Европа давлатларидан ёрдам сўраб расмий сўровлар тушган. “The Wall Street Journal” маълумотларига кўра, Украина билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирган давлатлар орасида Саудия Арабистони ҳам бор.
Шу билан бирга, Эроннинг ўзи ҳам узоқ вақтдан бери Россияга Украинага қарши урушда ёрдам бериб келмоқда. Теҳрон, хусусан, Москвага минглаб “Шаҳид” зарба берувчи дронларини ҳамда уларни Россия ҳудудида ишлаб чиқариш технологияларини топширган.
Жорий йилнинг 12 март куни Зеленский Руминия Президенти билан ўтказилган матбуот анжуманида эронлик операторлар россиялик ҳарбийларни ушбу дронларни қўллашга ўргатгани ва Украина шаҳарларига қилинган илк ҳужумларда иштирок этганини таъкидлаган. Шунингдек, Украина Президентининг сўзларига кўра, Эрон Россияга 150 мингга яқин артиллерия снарядлари ва ракеталарни етказиб берган.
“Эронликлар ҳам ҳужжатларда, ҳам амалда Россиянинг иттифоқчиларидир”, дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Яқин Шарққа АҚШ денгиз пиёда қўшинларининг 5 минг нафаргача бўлган қўшимча контингентини, шунингдек, бир нечта ҳарбий кемаларни жўнатишни маъқуллаганди.
Live
Барчаси