Эрон Сулаймонийнинг ўлдирилишига алоқадор шахслар рўйхатини тузди

Олам 6650
image

Эрон Ҳукумати Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний ўлимига алоқадор бўлган шахсларнинг рўйхатини тузди. Унга 48 киши киритилган. Бу ҳақда “Mehr News” хабар берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Али Багери Қонининг айтишича, Эрон расмийлари Сулаймонийнинг қотиллигига алоқадор бўлган 48 кишининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлган ва уларни жавобгарликка тортиш учун чоралар кўряпти. Хусусан, Теҳрон ИИПК генералининг ўлдирилишига у ёки бу тарзда алоқадор бўлган давлатларга мурожаат қилиб, ахборот беришни талаб қилган.

Амалдорнинг сўзларига кўра, Эрон Ҳукумати шундай мурожаат йўллаган сўнгги давлат Германия бўлган.

“Биз АҚШнинг Германиядаги Рамштейн авиабазаси Сулаймонини ўлдиришда фойдаланилган дронлар билан маълумотлар алмашишда иштирок этганини аниқладик”, деган Қони.

Аввалроқ, 26 декабрь куни ИИПК қўмондонининг ўринбосари Муҳаммад Ҳижози генерал Сулаймоний ўлими учун қасос олиш ҳамон кун тартибида турганини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Қосим Сулаймоний жорий йилнинг 3 январь куни Бағдод аэропортида АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганди. Шундан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий можаро қуролли тўқнашувга айланиш хавфи юзага келганди.

Хусусан, Ироқдаги АҚШ элчихонаси олдига бир неча бор ракета тушган. Бундан ташқари, Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларини бомбардимон қилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 292
Рейтинг: 2.9
t
×