Эрон собиқ президенти ҳам ўлдирилган – ОАВ
Олам
−
19:25 5193 1 дақиқа
Эрон собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод Исроил ва АҚШнинг Теҳроннинг Нармак туманидаги қароргоҳга берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда ILNA хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, у билан бирга қўриқчилари ҳам ҳалок бўлган. Ҳозирча бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
Маълумот учун, Аҳмадинажод Эроннинг олтинчи президенти бўлиб, ушбу лавозимни 2005 йилдан 2013 йилгача эгаллаган. Бунгача у Ардебил вилоятини бошқарган ва Теҳрон мэри бўлган. Президентлик лавозимидан кетганидан сўнг, Олий раҳбар Хоманаийнинг фармони билан Олий раҳбар ҳузуридаги маслаҳат органи – Мамлакат манфаатларини аниқлаш кенгаши таркибига кирган.
У ўзининг Исроилга қарши кескин риторикаси, хусусан “Исроилни дунё харитасидан артиб ташлаш” чақириқлари ва Холокостни инкор этиши билан машҳур эди. 2006 йилда у Эроннинг “ядровий давлатлар клубига аъзо бўлганини” эълон қилган, шу билан бирга ядро қуролини “ғайриинсоний” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва АҚШнинг Эронга зарбалари кеча, 28 февраль куни эрталаб бошланди. Ҳужумлар давомида Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилган – унинг жасади Теҳрондаги қароргоҳи вайроналари остидан олиб чиқилган. Шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари Муҳаммад Пакпур ва Мудофаа вазири Амир Насирзода ҳам ҳалок бўлган.
Live
Барчаси