Эрон Швециянинг янги элчисини қабул қилмаслигини билдирди
Олам
−
22 Июль 2023
7635Швецияда Қуръоннинг ёқилиши ортидан ушбу мамлакатнинг элчисини чиқариб юборган Эрон муқаддас китобнинг ёқилишига қарши чора кўрилмагунча унинг бирорта янги элчини қабул қилмаслигини билдирди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон кеча, 21 июль куни маълум қилди.
“Швеция элчисининг Теҳрондаги ваколати тугади ва Президент фармойишига кўра, Швеция ҳукумати Қуръони Каримнинг таҳқирланишига нисбатан жиддий чора кўрмагунча, биз Швециянинг янги элчисини қабул қилмаймиз. Эрон элчиси ҳам Швецияга юборилмайди”, дейди вазир.
Маълумот учун, жорий йилнинг 20 июль куни Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция бўлиб ўтди. Унда 37 ёшли ироқлик муҳожир Сальван Момика мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепди, шунингдек, кроссовкасини Ироқ миллий байроғи ва таниқли арбобларининг суратлари билан артди. Айтиш жоизки, у олдин ҳам Стокгольмда Қуръонни таҳқирлаган эди.
Шундан сўнг Эрон, Ироқ ва Ливанда намойишлар бўлиб ўтди. Ироқ пойтахти Бағдоддаги Швеция элчихонасига намойишчилар бостириб кирди, элчихона ходимлари эвакуация қилинди. Шунингдек, Ироқ Швеция элчисини мамлакатдан чиқариб юбориб, бундай ҳолат яна такрорланса, Швеция билан алоқаларини узишини маълум қилди.
Ливан ва Эрондаги норозилик чиқишлари эса нисбатан тинч ўтди. Теҳрондаги Швеция элчихонаси олдига йиғилган одамлар бинога тухум ва помидор улоқтириб, дипломатик миссия раҳбари Эрондан чиқиб кетмагунча ўша ердан кетмаслигини эълон қилди. Эрон ҳукумати эса Швеция элчисини мамлакатдан кетказиб юборди ва бундай ҳолат қайта такрорланса, дипломатик алоқалар узилишини билдирди.
LiveБарчаси