Эрон ШҲТ билан денгиздаги ҳарбий машқларини кенгайтиради

Олам

image

Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар билан ҳарбий-денгиз машқларида иштирокини кенгайтиришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 28 апрель куни Эрон Мудофаа вазири Муҳаммад Ризо Аштияний Нью-Деҳлида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг Мудофаа вазирлари йиғилишида айтиб ўтди.

“Эрон ШҲТга аъзо давлатлар билан қўшма денгиз машқлари ва хавфсизлик соҳасида ахборот алмашиш, жумладан, терроризмга қарши кураш каби соҳаларда фаолроқ ҳамкорлик қилишга интилади”, деган Эрон Мудофаа вазири. 

Шунингдек, у ШҲТ Котибияти таркибида махсус орган – “Шанхай денгиз хавфсизлиги камари”ни яратиш зарурлигини ҳам таъкидлаган. Аштиянийга кўра, бу орган денгиз савдо йўллари, айниқса, Ҳинд океанидаги хавфсизликни таъминлаш учун жавобгар бўлиши керак.

Бундан ташқари, Эрон Мудофаа вазири Ғарбни экспансионистик ва гегемон сиёсати, шунингдек, унинг бир қутбли дунёни қайта тиклашга уринишлари учун танқид қилган. Унинг фикрича, Украина инқирози НАТО ҳаракатларининг оқибатини кўрсатади.

Маълумот учун, 2001 йилда ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ҳозирда Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи давлат, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка эса ҳамкор давлатлар мақомига эга.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур йиғилишда иштирок этаётган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги можаро Вашингтон ва унинг иттифоқчиларининг бошқа мамлакатларни Москва ва Пекин билан ҳарбий қарама-қаршиликка ундашга эътибор қаратганини тасдиғи эканини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ШҲТ Нью-Деҳли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг