Эрон Россияга қўшимча дронлар етказиб беришни ваъда қилди – ОАВ

Олам

image

Эрон расмийлари Москвага бир неча ҳафта олдин топширилганига қўшимча равишда “ердан ерга” ракеталари, шунингдек, бошқа дронлар партиясини етказиб беришга ваъда берди. Бу ҳақда “Reuters” ўз манбаларига таяниб хабар берди. 

Агентлик маълумотларига кўра, қурол-яроғ сотиш ва етказиб бериш бўйича келишувларга икки ҳафта аввал Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва Миллий хавфсизлик олий кенгаши вакиллари Москвага ташриф буюрганида эришилган. 

Шу билан бирга, нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, сентабрь ойида Теҳрон Россия Президенти Владимир Путиннинг Эроннинг “Араш 2” узоқ масофали ҳужумчи учувчисиз учоқларини етказиб бериш ҳақидаги илтимосини рад этган. Бунинг сабаби ҳақида сўралганда, мансабдор шахслардан бири бир нечта муаммоларни, жумладан, “баъзи техник муаммолар”ни келтириб ўтган. Бундан ташқари, Эрон ҳарбийлари агар Россия ушбу дронни Украинада ишлатса, америкаликлар Эрон технологиясидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишидан хавотирда. 

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида “The Washington Post” газетаси Эрон Украинадаги уруш учун дронларнинг биринчи партиясини Россияга топширгани ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун Эрон “Shahed” камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида бир неча бор хабар берган. 

17 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги камикадзе-дрон ҳужумлари туфайли Эронни “Россиянинг Украинага қарши жиноятларида шерик” деб атади. 

Президент Владимир Зеленский G7 давлатларининг фавқулодда йиғилишида сўзлаган нутқида Россия Теҳрондан яна 4000 та дрон буюртма қилганини айтди. Шунинг учун у Киевга ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа соҳасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. 

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Обозреватель” нашрига берган интервьюсида Россия Эрондан 1750 дона ҳажмдаги дронларнинг биринчи партиясини буюртма қилгани, кейин ишлаб чиқариш ва Россияга етказиб бериш учун вақт талаб қиладиган янги буюртмалар бошлангани ҳақида маълум қилганди. 

“Улар аста-секин уларни тугатмоқда, эронликлар янгиларини ясамоқда, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз барча дронларнинг тахминан 70 фоизини доимий равишда уриб туширамиз”, дейди Буданов. 

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни Украинада Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made