Эрон Президенти Исроилнинг йўқ қилинишига умид билдирди

Олам

image

Эроннинг сайланган Президенти Масъуд Пезешкиён Теҳронда ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония билан учрашув ўтказди ва унда Фаластин гуруҳлари ва Исроил ўртасидаги можаро яҳудий давлатининг йўқ қилиниши билан якунланишига ишонч билдирди. Бу ҳақда Пезешкиён маъмурияти баёнот берди.

“Эрон халқи сионистик режимнинг жиноятлари ва тажовузидан нафратланиб келган, мазлум Фаластин халқининг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаган ва бу ёрдамни янада кучлироқ давом эттиради. Фаластин халқининг бу жиноятларга қарши шиддатли қаршилик кўрсатиши ғурур манбаидир. Ва ишончимиз комилки, бу кураш Фаластин халқининг якуний ғалабаси ва Фаластин заминининг озод этилиши ҳамда сионистик режимнинг вайрон бўлиши билан якунланади”, дейди Пезешкиён.

Инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга борган ҲАМАС етакчисининг айтишича, апрель ойида Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигини ўққа тутганига жавобан Эрон Исроил ҳудудига йирик ракета ва учувчисиз ҳаво ҳужуми уюштирганида, “20 га яқин давлат Исроилни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган”. Хониянинг сўзларига кўра, бу Исроил “стратегик инқироз ҳолатида” эканлигидан далолат беради.

У Теҳрондан Фаластин гуруҳларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришни сўради. Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам Хония билан учрашди. ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари Ғазо секторидаги можаро авж олганидан бери “300 кун ўтганини” эслатиб, эндиликда Фаластин ғалаба қозониши керак бўлган муҳим босқичга етиб келинганини айтди.

Пезешкиён ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбаридан ташқари бугун Фаластин исломий жиҳоди етакчиси Зиёд ан-Наҳхалайий, “Ҳизбуллоҳ” бош котиби ўринбосари Шайх Наим Қосим, шунингдек, ҳусийлар расмий вакили Муҳаммад Абдел Салом билан учрашди.

Эронда мамлакатнинг янги ижроия раҳбарининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтади. Камида 80 давлатдан хорижий вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил ҲАМАС Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг