Эрон портлашларда Исроил ва АҚШни айбламоқда
Олам
−
04 Январь
4560Эрон Президентининг маслаҳатчиси Муҳаммад Жамшидий Кирмон шаҳридаги юзга яқин одамнинг ёстиғини қуритган ва икки юздан ортиқ одам жароҳат олган портлашларда Исроил ва АҚШни айблади. У бу ҳақда 3 январь, чоршанба куни Х (собиқ Twitter)даги саҳифасида ёзди.
“Вашингтон АҚШ ва Исроилнинг Кирмондаги терактга алоқаси йўқлигини айтяпти. Тўғрими? Билиб олинг, бу жиноят учун жавобгарлик Америка ва сионистик режим зиммасида, терроризм эса фақат воситачидир”, деб ёзган у.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг охирги маълумотларига кўра, портлашда 84 киши ҳалок бўлган, 284 киши яраланган. Аввалроқ IRNA ахборот агентлиги 103 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу кўрсаткични олдинроқ баъзи қурбонлар икки мартадан нотўғри ҳисоблангани билан изоҳлади.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш Кирмондаги портлашларни қоралаб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, Эрон Ислом Республикаси халқи ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлик билдирди.
“Бош котиб ярадорларнинг тезроқ тузалиб кетишини тилайди”, деган Гутерришнинг матбуот котиби.
Теракт Европа Иттифоқида ҳам қораланган.
“Ушбу террористик ҳужум тинч аҳолининг ўлими ва жароҳатланишига олиб келди. Биз қурбонлар ва уларнинг оилалари билан биргамиз. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак”, дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.
Бундан ташқари, Туркия, Россия, Иордания, Ливан, Покистон, Озарбайжон ва бошқа давлатлар расмийлари ҳам Эронга ҳамдардлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Метю Миллер Эрондаги терактларда Америка ва Исроилни алоқаси йўқлигини билдириб, бу ИШИДнинг қилмишига "ўхшаётгани"ни айтган.
LiveБарчаси