Эрон армия иштирокида Исроилга кучли ҳужум тайёрламоқда – WSJ
Олам
−
04 Ноябрь
4844Эрон Исроилга қарши “кучли ва мураккаб” ҳужумни режалаштирмоқда, бу ҳужумда нафақат ракета ва дронлардан, балки оддий армия аскарларидан ҳам фойдаланилади. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь куни Эрон ва араб давлатлари расмийларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг эронлик суҳбатдошига кўра, Исроилга янги ҳужум АҚШда 5 ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан сўнг, бироқ 2025 йил январида янги Президент инаугурацияси олдидан амалга оширилади. Расмийнинг таъкидлашича, Теҳрон Исроилга, жумладан Ироқ ҳудуди орқали ҳам ҳужум қилиши, шунингдек, Исроил ҳарбий объектларига “ўтган сафаргидан ҳам агрессивроқ” зарба бериши мумкин.
“Эрон ҳужумда нафақат Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини, балки оддий армия аскарларини ҳам қўллаш ниятида, бироқ бу ҳудудда қўшинларни тўлиқ жойлаштириш ҳақида эмас, балки ИИҚКни қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда”, дея аниқлик киритмоқда WSJ суҳбатдошлари.
Эрон расмийларига кўра, октябрь ойи охирида исроилликларнинг ҳужуми оқибатида тўрт эронлик аскар ҳалок бўлган.
Маълумот учун, 26 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Эрон ҳудудига бир қатор ҳаво ҳужумларини уюштирди. Исроил ҳарбийларининг айтишича, портлашлар Теҳрон ва унинг иттифоқчиларининг сўнгги ойлардаги кўплаб ҳужумларига жавоб бўлган. ЦАХАЛ операция муваффақиятли якунлангани ҳақида хабар берди, унинг давомида ракета ишлаб чиқариш заводлари, ракета тизимлари ва бошқа ҳарбий иншоотларга “аниқ зарбалар” берилди.
АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти сўнгги кунларда Эронни Исроилга янги ҳужум қилишдан огоҳлантирди ва бу Исроил томонининг жавоб қайтаришига тўсқинлик қила олмаслигини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 октябрь куни Миллий хавфсизлик олий кенгашига Исроилга қарши жавоб зарбаси режасини тайёрлашни буюрганди. Эроннинг ягона палатали парламенти – Мажлиснинг Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Сардор Косари парламент Исроилга ҳарбий жавоб қайтариш тўғрисида қарор қабул қилганини айтди. Воқеалар фонида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Яқин Шарқ минтақасига қўшимча ракеталарга қарши мудофаа эсминецлари, қирувчи отрядлар ва танкер самолётлари, шунингдек, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг бир нечта узоқ масофали зарба берувчи B-52 бомбардимончи самолётларини юборишни буюрди. Эрон олий раҳбари эса Исроилга ҳам, АҚШга ҳам қақшатқич жавоб қайтаришга ваъда берди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Теҳрон ўз мамлакатига қарши ҳар қандай ҳужумга жавоб беради, бироқ Исроил минтақадаги тажовузини тўхтатиб, сулҳга рози бўлса, бу жавобнинг табиати ва кўлами ўзгариши мумкин эканини айтди.
LiveБарчаси
04 Ноябрь