Эрон АҚШ ва Исроилни Сулаймоний ўлими учун жавобгарликка тортишга чақирди

Олам

image

Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Мажид Тахт-Равончи БМТ Хавфсизлик Кенгашидан АҚШ ва Исроилни генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортишга чақирди. Бу ҳақда Равончининг Хавфсизлик Кенгаши раисига йўллаган мактубига асосланиб хабар берилган.  

Мактуб Сулаймоний ўлдирилганининг икки йиллиги муносабати билан юборилган. 

2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция натижасида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа қўшини раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлдирилган. Вашингтонда улар 2019 йил 31 декабрь куни Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум уюштиришда иштирок этган деб тахмин қилинади. Эрон бунга жавобан АҚШнинг Ироқдаги базаларига, жумладан Айн ал-Асадга зарба берган. 

Равончининг сўзларига кўра, Сулаймоний халқаро терроризмга қарши курашда муҳим роль ўйнаган, шунинг учун унинг ўлдирилиши ИШИД ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тан олинган бошқа террористик гуруҳлар учун “катта совға” бўлган. 

“Халқаро тинчлик ва хавфсизликка оид ушбу террористик ҳужумнинг даҳшатли оқибатларини ҳисобга олиб, Хавфсизлик Кенгаши қонун билан белгиланган мажбуриятларини бажариши ҳамда АҚШ ва Исроил режимини ушбу терактни режалаштириш, қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш учун жавобгарликка тортиши керак”, дейди Равончи. 

Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳарбийлари Сулаймонийнинг йўлини давом эттиришга, минтақа давлатлари ва ҳукуматларининг сўровларига кўра, “минтақадаги хориж томонидан қўллаб-қувватланаётган террористик гуруҳларга қарши улар бутунлай йўқ қилинмагунча курашишга” фаол ёрдам беришга бел боғлаган. 

Маълумот ўрнида, Сулаймоний Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливия каби мамлакатларда Эрон сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.  

Бир томондан, Сулаймоний Қўшма Штатларга қарши курашган гуруҳларнинг қўмондони вазифасини бажарган бўлса, бошқа томондан у Ироқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда муҳим роль ўйнаган. Шу муносабат билан Сулаймоний нафақат қўмондон, балки яхши дипломат сифатида ҳам танилган эди.  

Қосим Сулаймоний, шунингдек, Оятуллоҳ Али Ҳоманаийдан кейин Эроннинг хавфсизлик сиёсатини шакллантиришдаги энг таъсирчан исмлардан бири бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Сулаймоний

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг