Эрон Афғонистон ва Покистон билан чегарада тўсиқлар қуришни бошлади
Олам
−
21 Октябрь
6010Эрон мамлакатнинг шарқий чегараларида хавфсизликка таҳдидларни камайтириш учун тўсиқлар қуришни бошлади. Бу ҳақда чегара полицияси қўмондони, бригада генерали Аҳмад Али Гударзийга таяниб, “Eghtesaad24” нашри хабар берди.
Эрон хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, мамлакатга кирадиган гиёҳванд моддаларнинг 80 фоизи Покистон ва Афғонистон чегараларидан кириб келади. Мазкур девор ёқилғи ва товарлар контрабандаси, ноқонуний миграциянинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
“Систон ва Балужистон вилоятлари ҳамда Разавий Хуросонида қурилиш ишлари аллақачон бошланган”, деган Аҳмад Али Гударзий.
Девор қурилиши давлат томонидан молиялаштирилади ва ҳозирда асосий саъй-ҳаракатлар қурилиш майдончаларини техник тайёрлашга қаратилган.
Шунингдек, генерал келажакда Илом, Курдистон ва Ғарбий Озарбайжон вилоятларида тўсиқлар қурилишини ҳам айтиб ўтди.
Маълумот учун, 2021 йил бошида Эрон Афғонистон билан чегарада шунга ўхшаш тўсиқ қуришни бошлаган эди. Ўша пайтда 60 км га яқин девор қурилган.
Эрон биринчи марта жорий йилнинг январь ойида, Керман ва Систан-Балужистонда содир этилган террорчилик ҳужумларидан сўнг тўсиқларни қуриш ҳақида гапира бошлаганди. Теҳрондаги расмийлар террористик гуруҳларнинг қўшни Покистон ва Афғонистон ҳудудидан кириб келишига йўл қўймаслик учун тўсиқ қурмоқчи эканликларини таъкидлаган.
Қолаверса, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ушбу ташаббус Афғонистон ҳукумати билан зиддиятларни келтириб чиқаргани ҳақида ёзган. Улар чегарани ёпиш фақат томонларнинг ўзаро розилиги билан мумкинлигини эслатиб, Афғонистон раҳбарияти Эрон бу қурилишни бошланганда Кобулнинг фикрини сўрамаганига эътибор қаратган.
Девор қурилиши фонида Эрон ва Афғонистон ўртасида Ҳилманд дарёсининг сув ресурслари масаласи бўйича музокаралар ҳам давом этмоқда. Девор қурилиши сув артериясидан фойдаланишга ва чегаранинг ҳар икки томонидан сув киришига қандай таъсир қилиши аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбийлари мамлакатни муҳожирларнинг кириб келишидан ҳимоя қилиш учун Афғонистон билан чегарада 10 километрдан ортиқ масофада девор қурганди. Қайд этилишича, Теҳрон афғон муҳожирлари сони бўйича расмий рақамларни очиқламаган, бироқ парламент аъзоси Аболфазл Тўрабий уларнинг сонини 6 миллиондан 7 миллионгача эканини маълум қилган. Ҳукумат сўнгги пайтларда ноқонуний қочқинларга нисбатан босимни кучайтириб, улар мунтазам равишда шарқий чегарадан чиқариб юборилганини ҳам эълон қилган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси