Эрдўғаннинг одами рус-украин музокаралари тикланишига шама қилди
Олам
−
08 Октябрь 2022
3505Туркия Президентининг расмий вакили Иброҳим Калиннинг фикрича, Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар қайта тикланиши мумкин. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Калиннинг сўзларига кўра, Москва ва Киев ўртасидаги музокара жараёнининг тўхтатилиши олдиндан тахмин қилинган эди. Шу билан бирга, “музокаралар, эҳтимол, у ёки бу нуқтада қайта бошланади”, дейди у.
“Масала шундаки, қачон қайтамиз ва бу вақтгача қанча зараретказилган бўлишида”, дейди Калин.
Шу билан бирга, у расмий Анқара Россия томони “Ғарб билан янги битим тузишга” умид қиляпти деб ҳисоблаётганини айтган.
“Шубҳасиз, бу қисман Украинага ҳам тегишли. Аммо каттароқ масала ҳақиқатда Россия ва Ғарб дунёси ўртасидаги келишувдир”, дейди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг матбуот котиби.
Қайд этиш керакки, Зеленский 4 октябрь куни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Россия етакчиси Владимир Путин билан музокара олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақидаги қарорини кучга киритди. Тегишли фармон Украина президенти девонининг сайтида эълон қилинди. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу қарорни шарҳлар экан, музокаралар учун икки томон зарур, шунинг учун Россия Украинанинг амалдаги ёки кейинги президентининг Москва билан мулоқот бўйича позицияси ўзгаришини кутишини айтди.
30 сентябрь куни Владимир Путин Украинанинг тўрт вилоятини аннексия қилишга бағишланган маросимда Киевни музокарага қайтишга чақирганди. Бироқ у босиб олинган тўрт вилоятни қайтариш масаласини муҳокама қилмаслигини қўшимча қилганди.
LiveБарчаси