Эрдўғаннинг номзоди Нобель мукофотига кўрсатилди
Олам
−
09 Апрель 2022
8505Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси вакиллари ўз етакчиси ва давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған номзодини Россия ва Украина ўртасидаги инқирозни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун Тинчлик учун Нобель мукофотига кўрсатиш тарафдори. Бу ҳақда “Hürriyet” нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, бу масала “Адолат ва тараққиёт” партияси ижроия қўмитаси йиғилишида кўтарилган.
“Президентимиз Тинчлик учун Нобель мукофотига муҳтож эмас, лекин бир вақтлар бу мукофот [АҚШнинг собиқ Президенти Барак Обама]га берилган бўлса, Эрдўғаннинг ҳам Украинада тинчликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Нобель мукофоти унга берилиши керак”, дейди Туркиянинг ҳукмрон партияси ижроия қўмитаси аъзоси Сунай Карамак.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Эрдўғанга Нобель мукофоти бериш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
“Аслида ҳеч нарса қилмаган Обамага фақат Фаластин муаммосини ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлари учун Тинчлик учун Нобель мукофоти берилди. Аммо, Президентимиз кўпроқ иш қилди, шунинг учун у Нобелга лойиқ”, дейди Туркия ташқи идораси раҳбари.
2014 йилдан буён Президент курсисида қолаётган Ражаб Тойиб Эрдўған ҳозир 68 ёшда. Ҳақиқатан ҳам у Россия-Украина можаролари бошланган илк кунлардан буён ҳал қилувчи воситачи вазифасини бажариб келмоқда. Россиянинг Украинага босқини бошланган 24 февралдан кейин Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергев Лавров ҳамда Дмитрий Кулеба 11-13 март кунлари Туркияда бўлиб ўтган Анталия дипломатик форумида доирасида, Мавлуд Чавушўғли гувоҳлигида учрашув ўтказди.
29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Долмабахче саройида Россия-Украина делегацияларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди. Шуниси аҳамиятлики, ушбу учрашув 7 март куни Брестда ўтказилган музокаралардан кейинги илк юзма-юз мулоқотдир.