Эрдўғаннинг китоби ўзбек тилида чоп этилди

Олам 4527
image

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи олдидан 2021 йил сентябрь ойида нашрдан чиққан “Daha adil dünya mümkün” номли китоби Ўзбекистонда ҳам “Дунё янада одил бўлиши мумкин” номи остида ўзбек тилида нашр этилди.

Маълумки, бугун, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга келмоқда. 

Эрдўғаннинг китоби “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан 2000 минг нусхада чоп этилган. 

Мазкур китобда Президент Эрдўған Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил топган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар, хусусан, Хавфсизлик Кенгаши бугунги глобал ва дунё катта қишлоққа айланган даврда катта ислоҳотларга муҳтож экани, 8 миллиардга яқин инсоннинг тақдирини Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси саналган беш мамлакатнинг инсофига ташлаб қўйиб бўлмаслигини урғулайди. 

Шунингдек, давлат раҳбари ушбу китобда дунёда кундан кунга илдиз отиб бораётган муаммолар, урушлар, исломофобия, халқаро терроризм, инсон, аёллар ва болалар ҳуқуқлари, иккилик стандарти, очлик, қашшоқлик, қочқинлар масалаларига эътибор қаратган. 

Туркия раҳбарининг Ўзбекистонга амалга ошираётган навбатдаги ташрифи сўнгги олти йил ичида учинчисидир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса 2017 йилнинг октябрь ва 2020 йилнинг февраль ойларида расмий ташриф билан Туркияга борди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитида иштирок этиш учун Туркияда бўлди. Шунингдек, давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари ҳам мунтазамлик касб этиб келмоқда.

Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорлари қаторидан жой олган. 2016 йилгача Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми 1,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3,5 миллиардлик довонни босиб ўтди. 2022 йилда эса ушбу миқдор 5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. 

2020 йилда Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ўртасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашига асос солинган бўлиб, ушбу Кенгашнинг илк йиғилиши давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида 2020 йилнинг февраль ойида Анқарада бўлиб ўтди. Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Кенгашнинг иккинчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган (1991 йил декабрь) биринчи давлат ҳисобланади. 1992 йилнинг 4 март куни икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. 1996 йилга келиб 8 март куни “Ўзбекистон республикаси ва туркия жумҳурияти ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида” шартнома имзоланди.

2021 йил якунларига кўра, Туркия Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритган давлатлар учлигига кириб, ўтган йилнинг ўзида жами 1,18 млрд доллар миқдорида сармоя киритган.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3
t
×