Эрдўған Жапаровни ФЕТОнинг террористик таҳдидларидан огоҳлантирди
Олам
−
10 Июнь 2021
9891"Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террористик ташкилоти ҳам Қирғизистон, ҳам Туркиянинг миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда". Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 9 июнь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашувдан кейин имзоланган қўшма баёнот вақтида сўз очди.
Кеча Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров илк расмий ташриф билан Туркия Республикасига борди. Ташриф доирасида Президентлар Жапаров ва Эрдўғаннинг яккама-якка учрашуви, Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Олий кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувлардан сўнг Президентлар қўшма баёнотни имзоладилар.
Қўшма баёнот имзоланиши ортидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрдўған Жапаров билан келишувларни очиқлади. Туркия раҳбари Қирғизистон Президенти билан минтақадаги хавфсизлик, терроризмга, хусусан ФЕТО террористик ташкилоти фаолиятига қарши кураш борасида келишувга эришганини ва ҳамфикр эканликларни айтди.
“Террор ташкилотлари, хусусан ФЕТОга қарши курашдан тортиб, минтақавий ҳамкорликка қадар кун тартибидаги барча масалаларни муҳокама қилдик.
ФЕТО ҳар икки мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солаётгани борасида азиз қардошим билан ҳамфикрмиз. Сўнгги воқеалар ФЕТОнинг қонли, қоронғи ва хунук юзини яна бир бор кўз олдимизга чиқарди. Умид қиламанки, биз ушбу хавфни елкама-елка туриб, биргаликда енгамиз”, дейди Эрдўған.
Қирғизистон Республикаси Президентининг расмий сайти ҳам Садир Жапаровнинг Туркияга ташрифини ёритиб борган бўлса-да, хабарномаларда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашувда ФЕТО террористик ташкилотига қарши кураш масалалари муҳокама қилингани ҳақида сўз бормаган.
Туркия Республикаси ва Қирғизистон раҳбарлари ўртасида мунтазам алоқалар бўлиб келганига қарамай, расмий ташрифларнинг энг сўнггиси 2018 йилда амалга оширилган эди. Ўшанда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бишкекка бориб, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашув ўтказганди. Унда Туркия раҳбари Қирғизистонда ҳамон ФЕТО фаолияти мавжудлиги, террористик ташкилотларга оид мактаблар фаолияти давом этаётганини таъкидлаган. Кейинги даврлардаги учрашувларда бу масалалар муҳокама қилинмаган.
Маълумот ўрнида, 2016 йилнинг 15 июль куни Туркияда давлатга қарши тўнтаришга уриниш амалга оширилди. Унда мамлакат хавфсизлик кучлари, ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсилик хизмати, Куролли кучлар, мудофаа тизимларига ўрнашиб олган кимсалар Эрдўған бошчилигидаги Ҳукуматга қарши тўнтаришни амалга ошириб, Президентни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган эди. Тўнтаришга уринишлар халқнинг кўчаларга чиқиб, мамлакат демократиясини ҳимоя қилиши билан бостирилди. Оқибатда 251 нафар бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.
Ушбу давлат тўнтаришига ҳаракат айни дамда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди. Туркия Ҳукумати тўнтаришга уринишдан сўнг Фатҳуллоҳ Гулен ва у бошчилигидаги ташкилотга қарши муросасиз курашни бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь