Эрдўған юнонлар Туркияни Шарқий Ўрта Ер денгизидан сиқиб чиқармоқчилигини айтди
Олам
−
31 Август 2020
7028Туркияда мамлакат тарихидаги иккинчи юнон-турк урушидаги ҳал қилувчи жанг - Думлупйнар жангидаги ғалабанинг 98 йиллиги нишонланди. Пандемия бўлишига қарамай, мамлакатда йирик маросимлар бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди.
Президент мазкур жангдаги ғалабанинг асосий сабабчиси, замонавий Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк қабрини зиёрат қилди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Анқарадаги Аниткабир ёдгорлик мажмуасида нутқ сўзлаган Эрдўған шундай деди:
“1919 йилда Самсунда Мустафо Камол Отатурк бошчилигида бошланган озодлик кураши 30 августдаги жангда якуний ва доимий ғалаба билан якунланди”.
Эрдўған Туркиянинг фаровонлик учун кураши бугунги кунгача давом этаётганига эътибор қаратди. У Шарқий Ўрта Ер денгизига эгаликка қилишга бўлган уринишларга баҳо берди.
“Албатта, Туркияни Шарқий Ўрта Ер денгизидан сиқиб чиқаришга уринаётганлар ва бундан бир аср олдин мамлакатимизга бостириб кирмоқчи бўлганлари тасодиф эмас. Турк халқи қашшоқлик ва имкониятлар етишмаслигига қарамай озодлик учун курашни ғалаба билан якунлаганидек, "Мовий Ватан"да янги таъсир ўтказилишига ҳам йўл қўймайди.
Бу масалада турк халқининг иродаси кучлилиги ва ғалабага бўлган ишончига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги керак", дейди Туркия раҳбари турк халқига йўллаган байрам табригида.