Эрдўған яна Шимолий Кипрни ТДТда дастаклади
Олам
−
03 Ноябрь 2023
7045Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасини дастаклаб, яна Туркий давлатлар ташкилотига суқишга ҳаракат қилмоқда. У бу ҳақда бугун, 3 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммитида сўз очган.
“Оила кенгашимиз ўтган йили Самарқанддаги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасига бир овоздан кузатувчи аъзо мақоми бериб, тарихий қарор қабул қилди. Ушбу қарорни қабул қилишда қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман”, деган Эрдўған саммитдаги нутқида.
Унинг қайд этишича, туркий дунё бу қарор билан яккаланиб қолган бўлса-да, ватанидан воз кечмаган Кипр туркларининг ёлғиз эмаслигини барчага кўрсатган.
Эрдўған сўзида давом этиб, Шимолий Кипр Турк Республикасини “Буюк Туркий оиланинг ажралмас бир қисми” деб атади.
“Буюк Туркий оиланинг ажралмас бир қисми бўлган Кипр турклари билан бирдамликда ҳаракат қилиш бизнинг фарзимиздир. Кейинги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасини ҳам қарор қилганимиздек кузатувчи аъзо сифатида орамизда кўришимизга ишонаман. Мен бу борадаги зукко раҳбарлигингизга ишонаман", дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Туркманистонни ҳам аъзолар қаторида кўрмоқчи эканини яширмади.
"Биз кузатувчи аъзо Туркманистонни Оила кенгашимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўришни хоҳлаймиз”, дейди Эрдўған.
ТДТ 2009 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган. У ҳозирги номини 2021 йил ноябрь ойида Истанбулдаги саммитда олди. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо, Туркманистон ва Венгрия унинг ишида кузатувчи сифатида иштирок этади. Халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси ҳам 2023 йил март ойида Анқарада бўлиб ўтган саммитда кузатувчи сифатида иштирок этган эди. Бироқ Туркиядан бошқа ҳеч бир мамлакат ШКТРни Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомига эга эканини эътироф этмайди.
Бир-бирини рад этувчи баёнотлар
ТДТнинг 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Самарқанд саммитида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дунё мамлакатларини ҳайратда қолдирган баёнот билан чиқди. У ўз нутқида Туркиядан ташқари дунёнинг ҳеч бир мамлакати тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи бўлиб қўшилганини айтди ва бунинг учун ташкилот давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирди.
“Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр Турк Республикасини [Туркий давлатлар] ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Турк дунёсининг ажралмас бир қисми бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳам ҳисса қўшдик. Ушбу бирдамлик иродасини намоён этганингиз учун сиз, азиз биродарларимнинг ҳар бирингизга алоҳида миннатдорлик билдираман”, дейди Эрдўған.
Орадан кўп ўтмай, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Эрдўғаннинг айтганларига таяниб, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қўшилгани ҳақидаги хабарни Twitter’даги саҳифаси орқали бўлишди. Вазир, Анқаранинг Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришда қатъийлигини таъкидлаган.
Туркия расмийлари томонидан берилган икки баёнотдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилганини рад этиб чиқди.
“Саммит натижасида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмади. Ўзбекистон, айниқса, давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масалаларида халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилади.
Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейди Норов.
Бироқ, оммавий ахборот воситалари Владимир Норовнинг баёнотидан қониқиш ҳосил қилгани йўқ. Айниқса, хорижий медиа аллақачон Туркий давлатлар ташкилоти Шимолий Кипр Турк Республикасини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига зид равишда тан олишда айбламоқда.
Греция эса Шимолий Кипр ҳақидаги баёнотларни аллақачон қоралашга тушди.
Греция Туркия расмийларининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасига Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи мақоми берилиши ҳақидаги баёнотларини қоралайди. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазирлиги 11 ноябрь куни тарқатган баёнотида айтилади.
"Биз турк расмийларининг сохта давлатнинг Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомига эга бўлганлиги ҳақидаги баёнотларини қоралаймиз. Кипр Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу борада тегишли хабар тарқатди. Ҳар қандай псевдодавлат мақомини оширишга уриниш халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 541 ва 550-сонли резолюцияларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади”, дейилади ҳужжатда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Грециянинг позицияси барқарор ва ўзгармасдир.
“Биз Кипр муаммосининг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосланадиган ва Европа қонунчилигига мос келадиган адолатли ва барқарор ечимга эришиш, яъни икки жамоали, икки ҳудудли федерация ташкил этилишини қўллаб-қувватлаймиз”, дея таъкидлади вазирлик.
Барча тортишувларга қарамай, бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилотининг Истанбулдаги қароргоҳида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар байроқлари қаторида Шимолий Кипр Турк Республикасининг байроғи ҳам ҳилпираб турибди. Тан олинмаган ушбу республиканинг раҳбари Эрсин Татар эса жорий йилнинг март ойида Анқарада бўлиб ўтган ТДТ давлатлари раҳбарлари саммитида иштирок этди.
Гап шундаки, Кипр оролнинг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолди.
Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо.
Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри.
Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.