Эрдўған яна мамлакатда комендантлик соати эълон қилди
Олам
−
12 Май 2020
6393Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 16-19 май кунлари мамлакатда комендантлик соатлари жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 11 май куни Туркиянинг "Tele 1" телеканали хабар берди.
Шунингдек, Президент Адана, Диярбакир, Мардин, Трабзон, Ўрда, Денизли, Каҳраманмараш, Санлиурфа, Текирдағ шаҳарлари ўртасида кириш ва чиқиш чекловлари олиб ташланишини маълум қилди. Бундан ташқари, Эрдўған мамлакат фуқаролари жамоат жойларида тиббий ниқоб кийишлари, шунингдек, ижтимоий масофани сақлаб туришлари кераклигини айтди.
Туркия Президенти жорий йилнинг 5 май куни мамлакат айни пайтда коронавирус келтириб чиқарган инқирозни енгиш арафасида турганини маълум қилди.
“Туркия коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашда дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларига қараганда муваффақиятли қадамлар қўйди. Туркия пандемиядан етказилган зарарни энг қисқа вақт ичида бартараф этишга ва иқтисодий соҳада янги қадамларни қўйишга мажбурдир“ дейди Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг пандемияга қарши курашда эришган ютуқлари мамлакатнинг минтақада ҳам, халқаро майдондаги ҳам янги ютуқларининг калитига айланади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда коронавирус билан боғлиқ 139 771 та ҳолат қайд этилган. Касалланганларнинг 95 780 нафари соғайган, 3 841 нафари эса вафот этган. Мамлакатдаги мавжуд беморлар сони 40 150 тани ташкил қилмоқда.