Эрдўған ва Алиев Пашинянни ўртага олди
Олам
−
06 Октябрь 2022
11580Бугун, 6 октябрь куни Чехия пойхати Прагада Туркия ва Озарбайжон Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда Илҳом Алиев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан норасмий учрашув ўтказдилар. Бу ҳақда Туркия маҳаллий матбуоти хабар бермоқда.
Учрашув Европа сиёсий ҳамжамиятининг биринчи саммити доирасида бўлиб ўтгани айтилмоқда. Кейинроқ суҳбатга Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам қўшилган.
Таъкидланишича, Туркия раҳбари Пашинян ва Алиев билан алоҳида учрашувлар ўтказишни ҳам режалаштирган.
Пашинян билан музокаралар чоғида, турк матбуотига кўра, Эрдўған унга икки давлат махсус вакилларининг келишув масалалари бўйича учрашувларини учинчи давлатлар ҳудудида эмас, навбатма-навбат Туркия ва Арманистонда ўтказишни таклиф қилмоқчи. Бундан ташқари, Туркия раҳбари минтақадаги кескинликни пасайтириш ва Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тезроқ тинчлик шартномасини имзолаш бўйича таклифлар билан чиқиши кутилмоқда.
Форумда Европа Иттифоқининг 27 аъзоси ва 17 ҳамкор давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.
Саммитнинг расмий очилиш маросими Прага қалъасида бўлиб ўтади, шундан сўнг лидерлар тинчлик ва хавфсизлик, энергия, иқлим ўзгариши ва иқтисодиёт масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилишади.
Туркия раҳбарининг Чехияга ташрифи дастуридан икки томонлама учрашувлар, жумладан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашувлар ўрин олгани урғуланмоқда.
Сўнгра Туркия раҳбари саммитнинг кечки овқатда бўладиган якуний йиғилишида иштирок этади ва шундан сўнг Прагадан жўнаб кетади.
LiveБарчаси