Эрдўған тез орада Путин билан дон битимини муҳокама қилмоқчи
Олам
−
21 Июль 2023
3874Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яқин орада Россия етакчиси Владимир Путин билан дон келишуви атрофидаги вазият юзасидан музокаралар ўтказиш истаги борлигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 21 июль куни TRT телеканалига берган интервьюсида сўз очган.
“Дон йўлаги келишувининг тўхтатилиши нафақат жаҳон озиқ-овқат нархларининг ошишига, балки баъзи минтақаларда очарчиликдан тортиб, янги миграция тўлқинларигача бўлган бир қатор оқибатларга олиб келади. Биз бунинг олдини олиш учун ташаббус кўрсатишдан тортинмаймиз. Ўйлайманки, жаноб Путин билан бу масалани батафсил муҳокама қиламиз ва гуманитар ҳаракатнинг давом этишини таъминлаймиз, Ғарб давлатлари ҳам бу масала бўйича муайян чоралар кўриши керак”, деган Эрдўған.
Шунингдек, Туркия раҳбари Россиянинг ҳам ғалла келишувидан умидлари борлиги, у дон йўлагининг фаол ишлашини маъқуллашини айтган. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, у яқин келажакда ғалла битимини қайта бошлашни кутмоқда.
"Биз дипломатиянинг барча воситаларидан фойдаланамиз ва бор кучимизни бу масалага қаратамиз. Уруш шароитида инсониятга хизмат қиладиган муросага аллақачон эришилган ва биз буни давом эттириш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Туркияга қайтиб келгач, жаноб Путин билан музокаралар ўтказаман. Аввало, биз телефон дипломатиясига амал қиламиз. Путиннинг август ойига режалаштирилган ташрифи амалга ошса, биз бу масалаларни батафсил муҳокама қиламиз. Бу жараённи кечиктирмасдан, дон йўлаги келишувининг давом этишини таъминлаймиз, деб ишонаман”, дейди Эрдўған,
Туркия Президентининг сўзларига кўра, ғалла келишуви туфайли жаҳон бозорларига 33 миллион тоннадан ортиқ дон етказиб берилган, бу эса озиқ-овқат инқирозининг олдини олган.
Маълумот учун, дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, мартгача, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Якуний муддат – 17 июль куни тугаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги дон йўлаги бўйича келишувни тўхтатилганини эълон қилганди. Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди.
Бу орада Россия томонидан Одессага қилинган ракета ва дрон ҳужуми оқибатида 60 минг тонна ғалла нобуд бўлди.
LiveБарчаси