Эрдўған террорчиларнинг “яхши” ва “ёмон”га ажратилаётганига афсус билдирди
Олам
−
15 Июнь 2021
3840Глобал хавфсизлик муаммолари фонида НAТОнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 14 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтган НAТО саммити доирасида AҚШ Президенти Жо Байден билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган брифингда айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда НAТО блоки халқаро даражадаги барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Хавфсизликни белгиловчи омил сифатида Иттифоқнинг масъулияти тобора ортиб бормоқда. Бугун жавобгарликдан қочмаслик, балки умумий мақсадларга эришишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур, дейди Эрдўған.
Президентнинг сўзларига кўра, Иттифоқ Шимолий Aтлантика альянсига “хавфсизлик соябони” зарур бўлган барча минтақаларда рол ўйнаши керак: Ўрта денгиздан Қора денгизгача, Европадан Осиёгача.
Туркия етакчиси терроризмга қарши курашга нисбатан тарафкашлик муаммоси сақланиб қолаётганидан афсус билдирди.
“Террористларни “яхши” ва “ёмон”га ажратиш тубдан қабул қилиниши керак эмас. Aфсуски, бу бузуқ тасаввур бугунги кунгача сақланиб келмоқда”, дейди Президент.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия қўлга олинган террорчиларни топшираётган бир қатор давлатлар, кейинчалик уларни ҳаттоки тергов ўтказмасдан озод қилиб юборади. Шу билан бирга, озод этилганлар кўпинча янги жиноятларни содир этади, бу эса жиддий камчиликларни кўрсатмоқда.
Эрдўған Туркия армиясининг антитеррор операциялари туфайли Туркиядан ташқарида 8200 километр квадрат ҳудуд террорчилардан тозаланганига эътибор қаратди.
“Ҳам НAТО саммитида, ҳам икки томонлама учрашувлар пайтида биз PKK – PYD террор ташкилотини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш зарурлигини очиқ эълон қилдик”, дейди у.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркиянинг иттифоқчилари сиёсий ҳисоб-китобларни четга суриб, Aнқара билан очиқ бирдамлик кўрсатиши керак.
LiveБарчаси