Эрдўған соғайиб, ишга қайтди. Аммо рафиқаси...
Олам
−
11 Февраль 2022
12229Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған коронавирусга чалинганидан беш кун ўтиб топширган ПЗР тести салбий натижани қайд этди. Шунга кўра Президент одатий иш режимига қайтди.
“4-5 кунлик касалликдан сўнг ПЗР тестларим салбий чиқди. Бунга кўп жиҳатдан вакцина сабаб бўлди”, дейди Туркия раҳбари журналистлар билан мулоқотда.
Эрдўған коронавирусга қарши дастлабки икки эмлашни Sinovac билан амалга оширганини ва кучайтирувчи доза сифатида Америка-Германия Pfizer - BioNTech препаратини танлаганини таъкидлади.
“Ушбу вакциналар самараси туфайли мен коронавирусдан бемалол ва қисқа вақт ичида омон қолдим”, дея қўшимча қилган у.
Шу билан бирга, Эрдўған ўзи билан касалланган рафиқаси Эмина Эрдўған ҳали тузалмаганини айтди.
“Ўйлайманки, у душанба (14 февраль) кунигача тузалиб кетади, чунки биз БААга ташриф билан боришимиз керак, у мени ёлғиз қолдирмайди”, дейди Туркия раҳбари.
Бугун, 11 февраль куни Президент Эрдўған Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши аъзоларини қабул этди. Учрашув Истанбулдаги “Ваҳдеттин” саройида матбуотга ёпиқ тарзда бўлиб ўтгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари Украина Республикасига ташрифни амалга оширган эди. Президент Туркияга қайтгач, унда коронавируснинг "omicron" штамми аниқланган.
LiveБарчаси