Эрдўған Швецияни огоҳлантирди
Олам
−
16 Январь 2023
12094Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва бошқа бир қатор Европа давлатларини террористик ташкилотларга ин бўлиб, улар эмин-эркин фаолият юритишига тоқат қилиб ўтиришда айблади. Давлат раҳбари террорчиларни экстрадиция қилиш Анқара Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризаларини қўллаб-қувватлаши учун мажбурий эканлигини айтди.
“Биз уларга дедик: “Агар сиз мамлакатларингиздаги террорчиларни экстрадиция қилмасангиз, НАТО аъзолиги ҳақидаги аризангизни парламентимизда ратификация қила олмаймиз. Уларнинг таклифлари парламентимиздан ўтиши учун улар 130 га яқин террорчини экстрадиция қилишлари керак, аммо, афсуски, улар буни ҳали амалга оширмаган”, дейди Эрдўған ёшлар вакиллари билан учрашувда.
Унинг қайд этишича, Стокгольм кўчаларида Курдистон ишчилар партияси (PKK) террорчилик ташкилоти тарафдорларининг митинглари мунтазам бўлиб ўтади. Президент Туркия Швеция ҳукуматини бунга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирганини таъкидлади.
“Аммо огоҳлантиришларимизга қарамай, афсуски, PKK/PYD намойишларини тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрилмади. Агар улар бу вазият бўйича чора кўрмасалар, бу Швеция билан муносабатларимизда янада кескинлашувга олиб келиши мумкин”, дея қўшимча қилди у.
Давлат раҳбари Туркия миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи террорчилик гуруҳлари нафақат Швеция ва Финляндияда, балки Германия, Франция, Буюк Британия каби давлатларда ҳам борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу PKK Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилганига қарамасдан содир бўлмоқда.
“Туркия уларга нисбатан ўз позициясини шунга қараб белгилайди”, дея огоҳлантирди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни Туркияда фаолияти тақиқланган ва террорчи деб топилган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тарафдорлари томонидан Стокгольмда ўтказилган митингда Эрдўғанга нисбатан ҳақоратли сўзлар айтилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият биноси олдидаги устунга Эрдўғанга ўхшатиб ясалган қўғирчоқ оёғи осмондан ҳолатда осиб кетилди.
Туркия ҳукумати бу ҳаракатни қоралади. Швециянинг Анқарадаги элчиси Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга нисбатан норозилик билдирилди. Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп Швеция парламенти раҳбарининг 17 январга мўлжалланган Анқарага ташрифини бекор қилди, унда шимолий мамлакатнинг НАТОга кириши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг адвокати Ҳусайн Ойдин Анқара прокуратурасига Швецияда Туркия раҳбарига қарши намойиш ташкилотчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш талаби билан мурожаат қилди.
Туркияда Президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланади. Маҳаллий Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, у тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь