Эрдўған Швеция ва Финландияга шарт қўйди
Олам
−
15 Июнь 2022
10692Швеция ва Финландия терроризмга қарши кураш масаласида Анқарага ёзма кафолат бермагунича Туркия НАТОга аъзолик бўйича ўз позициясини қайта кўриб чиқмайди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон орқали мулоқот чоғида айтиб ўтган.
"Суҳбат чоғида Президент Эрдўған Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш масаласида Туркиянинг ҳақли хавотирларини бартараф этадиган қадамлар қўйиши зарурлигига эътибор қаратди. Президент икки давлат терроризмга қарши кураш ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича парадигмани ўзгартириш бўйича ёзма мажбуриятларни олмасдан туриб, бу жараёнда олдинга силжиш мумкин эмаслигини таъкидлади”, дейилади Эрдўған идораси суҳбатдан сўнг берган баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Туркия раҳбари жорий йилнинг 18 май куни Анқара Швеция ва Финляндиянинг террорчи ташкилотларга, хусусан Туркия террорчи гуруҳ деб ҳисоблаган Курдистон Ишчилар партиясига муносабатини аниқламагунча НАТОга қабул қилинишини қўллаб-қувватламаслигини айтганди.
У 16 май куни ҳам худди шундай баёнот билан чиқиб, Финляндия ва Швециянинг ушбу давлатлар Курдистон Ишчилар партияси фаолиятига алоқадор шахсларни Туркияга экстрадиция қилишдан бош тортгани муносабати билан НАТОга киришига қарши эканлигини маълум қилганди. Бироқ 21 май куни Эрдўған агар Стокгольм ва Хельсинки хавфсизлик муаммолари юзасидан Анқара билан аниқ бирдамлик билдирса, Туркия Швеция ва Финляндиянинг ташкилотга киришини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилганди.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.
15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.
LiveБарчаси