Эрдўған саройида болаларни қабул қилди

Олам 2628

Кеча, 23 апрель куни Туркияда Буюк Миллат Мажлиси - парламент тузилганининг 100 йиллиги ва болалар куни нишонланди. Ушбу байрам бу сафар янги турдаги коронавирус COVID-19 пандемияси тарқалган даврга тўғри келгани, 23 апрелдан 26 апрелгача мамлакатнинг 30 та йирик вилоятларида комендантлик соати эълон қилингани учун ҳар йилги анъанага кўра нишонланмади. 

Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбул шаҳридаги саройида турли миллат вакиллари бўлган мамлакат болаларини қабул этди. Бунда на ниқоб қоидасига амал қилинди ва на масофа сақланди. 

Соат 21:00 да мамлакатнинг барча шаҳарларида болалар ота-оналари ҳамроҳлигида уйларининг балкони ва деразасидан туриб, мамлакат мадҳиясини куйладилар. Ушбу акцияга давлат раҳбари ҳам қўшилди. У саройида меҳмон бўлган болалар хорлигида мадҳияни куйлади ва ушбу лаҳзалар мамлакат бош телеканали орқали намойиш этилди. 

Маълумот ўрнида, 1920 йил Туркияда илк бор Буюк Миллат Мажлиси - парламент ташкил этилган. Мамлакатнинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк ушбу байрамни дунё болаларига армуғон этган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилиб, ушбу байрам билан муборакбод этганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 2.9
t
×