Эрдўған Россия-Украина урушини ҳал қилишга тайёрлиги, лекин шарти борлигини айтди

Олам

image

Туркия Россия ва Украина урушини тугатишда фақат ва фақат Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаб қолиш асосида ҳаракат олиб боради. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги чиқишида гапирди. 

Унинг қайд этишича, Туркия нафақат пандемия ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларда, балки балки Россия-Украина уруши сабаб юзага келган зарбаларга қарши курашда ҳам ўзини ифода эта олган. 

“Украинадаги можаронинг биринчи кунидан, яъни 7 ойдан бери биз урушда ғолиб, адолатли тинчликда эса мағлуб бўлмайди, деган ғоя билан ҳаракат қилдик”, дейди Эрдўған.

Бугун дунё бошидан кечираётган инқирозни ечишда мулоқот ва дипломатиянинг муҳим ролини таъкидлаган Президент Эрдўған, томонларни аввал Анталия дипломатия форумида, кейин эса Истанбулда бир стол атрофига тўплаганини эслатди. 

Президент Эрдўған, Украинадан Босфор бўғози орқали жўнаб кетаётган дон ортилган кемаларнинг суратини кўрсатиб, шундай дейди: 

"Бош котиб билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида Украина ғалласининг Қора денгиз орқали дунёга етиб боришини таъминладик. Бу ривожланишни таъминлаган Истанбул келишувига икки ой тўлар экан, юк ташишнинг кундан кунга тезлашаётганини мамнуният билан кузатяпмиз. Ғалла етказиб беришнинг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу келишув Туркиянинг сўнгги йилларда эришган энг катта ютуқларидан биридир. Ушбу муваффақият билан бутун дунё бўйлаб халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраганларнинг БМТга бўлган ишончини янгилади. Истанбул келишуви музокаралар томонлар учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича натижа берганини исботлади”. 

Давлат раҳбари худди шундай ёндашувни Запорожье атом электр станциясидаги инқирозга нисбатан ҳам қўллаш мумкинлигини айтиб, бу бутун инсоният хавфсизлиги учун муҳимлигини урғулади. 

“Сўнгги пайтларда авж олган урушни Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги асосида тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни оширишда давом этамиз.

Халқаро ташкилотларни ва барча давлатларни Туркиянинг мустаҳкам тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини чин дилдан қўллаб-қувватлашга чақираман. Ҳар икки томоннинг инқироздан муносиб чиқиб кетишига имкон берадиган оқилона, адолатли ва амалга оширилиши мумкин бўлган дипломатик ечимни биргаликда топишимиз керак”, дейди Эрдўған.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

532

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг