Эрдўған рафиқаси билан Тошкент томон йўлга чиқди
Олам
−
29 Март 2022
6468Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулда ўтган Россия-Украина музокараларидан сўнг рафиқаси – биринчи хоним Эмина Эрдўған билан Ўзбекистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда Туркия Президенти Администрацияси Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси хабар бермоқда.
Маълумки, Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 29-30 март кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифни амалга оширади.
Президент ўтирган учоқ Истанбулдаги Мустафо Камол Отатурк номидаги аэропортдан Тошкент томон йўлга чиқди.
Президент Эрдўғанга рафиқасидан ташқари, Адлия вазири Бакир Бўздоғ, Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Меҳнат ва ижтимоий хавфсизлик вазири Ведат Билгин, Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожа ва Савдо вазири Меҳмет Муш ва Президент Администрацияси Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтун ҳамроҳлик қилмоқда.
Ташриф доирасида Туркия-Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Расмий Анқарага кўра, Президентлар раислигида ва тегишли вазирлар иштирокида Тошкентда бўлиб ўтадиган Кенгаш йиғилишида Туркия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик даражаси ҳар томонлама кўриб чиқилади ва бу борадаги қадамлар муҳокама қилинади. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасидаги ишлар муҳокама қилинади.
Учрашувларда минтақавий ва халқаро муаммолар ҳамда икки томонлама муносабатлар юзасидан фикр алмашилади.
Кенгаш йиғилиши муносабати билан Туркия-Ўзбекистон муносабатларининг шартномавий заминига салмоқли ҳисса қўшадиган турли келишув ва англашув меморандумларининг имзоланиши ҳам кун тартибидан ўрин олган.