Эрдўғaн Путинни асирларни алмашишга кўндирмоқчи
Олам
−
19 Август 2022
4847Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан Москва ва Киев ўртасидаги маҳбусларни алмашиш масаласини муҳокама қилмоқчи эканлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 18 август куни Украинанинг Львов шаҳрида Украина Президенти Владимир Зеленский ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида сўз очган.
“Албатта, учрашувда биз Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳарбий асирларни алмашиш масаласини ва бу борадаги ташаббусларимизни муҳокама қилдик. Шу нуқтаи назардан, жаноб Путин ва Россия томони жорий учрашувнинг барча натижаларини баҳолашда давом этади”, дейди у.
Туркия раҳбари томонлар алмашинув масаласига катта аҳамият беришини қўшимча қилган. Шунингдек, у бу муаммони ҳал қилиш учун Украина ва Россия ўртасида воситачилик қилишга тайёр эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида ёпиқ форматдаги учрашув бўлиб ўтган эди. Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари учрашув чоғида ғалла ташаббусини янада ривожлантириш имкониятлари, Россиянинг Запорожье атом электр станциясидаги ядровий шантажини муҳокама қилган.
Шунингдек, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси