Эрдўған Путинга уни Туркияда кутаётганини айтди
Олам
−
01 Сентябрь 4528 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин бугун, 1 сентябрь куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25-саммити доирасида туркиялик мавқедоши Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда икки етакчининг матбуот хизматлари хабар берди.
Томонлар асосий минтақавий масалаларни, хусусан, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Транскавказдаги вазиятни муҳокама қилди. Россия раҳбари Анқарани Москва учун ишончли, вақт синовидан ўтган ҳамкор деб атади.
“Россия-Туркия ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган, аниқ, фойдали ва мен ишончли деб айтган бўлардим, ”, деди Путин учрашувда.
У, шунингдек, Туркиянинг Украинадаги инқирозни ҳал қилишдаги муҳим ҳиссасини эслатди. Ўз навбатида, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Истанбул музокараларини Украина можаросини тинч йўл билан ҳал этишга қўшган ҳиссаси деб билишини айтди.
“Президент Туркиянинг Украинадаги урушни тугатиш, адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари давом этаётганини айтди. Унинг фикрича, Истанбулдаги музокаралар тинчлик жараёнига ҳисса қўшди”, дейилади Туркия раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
Путин, ўз навбатида, “турк дўстларига” можарони ҳал қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди ва Истанбулдаги музокараларда “гуманитар соҳадаги бир қатор амалий масалаларни ҳал этишда олға силжиш” бўлганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Туркия ва Россия Президентлари Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги музокараларни муҳокама қилишган. Эрдўған барқарор тинчликка умид билдирди ва Кавказда узоқ муддатли барқарорлик Туркия ва Россиянинг умумий манфаатларига мос келишини таъкидлади. Учрашувда лидерлар Исроилнинг Ғазо секторидаги уруши ва Суриянинг ривожланиши ҳақида фикр алмашди.
Эрдўған Туркия ва Россия ўртасидаги алоқалар ривожланаётганини, савдо, туризм, сармоя ва энергетика каби соҳаларда ҳамкорлик давом этаётганини қайд этди.
Бундан ташқари, Эрдўған Путинни тез орада Туркияда кўришни кутаётганини айтди. Учрашувда Россия Президентига “азиз дўстим” сифатида мурожаат қилган Эрдўған, Путинга Туркияга ташриф буюриш таклифини эслатди.
“Бу ўз кучида қолади ва биз сизни тез орада мамлакатимизда кўришни истаймиз”, деди Туркия раҳбари.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, техник музокаралар ижобий руҳда давом этмоқда.