Эрдўған Путин ва Зеленский учрашиши учун шароит қилиб бермоқчи

Олам 6278
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путинга Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашишни таклиф қилди. Бу ҳақда унинг ўзи кеча, 5 август куни Сочидаги ташрифини якунлаб, мамлакатига қайтиши чоғида журналистларга айтиб ўтган. 

“Мен ҳам Украина инқирози музокаралар столида ҳал қилинишига қатъий ишонаман. Мен яна бир бор жаноб Путинга унинг жаноб Зеленский билан учрашувини ташкиллаштириб беришимиз мумкинлигини эслатдим”, дейди Туркия раҳбари. 

Шунингдек, Эрдўған Туркия Қора денгиздаги қўшниси Россия билан барча соҳаларда мулоқотни ривожлантиришда давом этишини таъкидлади.

“Сочидаги учрашувларимиз минтақамиз, айниқса Туркия ва Россия учун фойдали бўлишини Худодан тилайман”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 август куни Сочида Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған тўрт соатдан кўпроқ суҳбатлашди. Икки давлат етакчиси учрашув чоғида Россия ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, Украина инқирози, Қорабоғдаги вазият, Суриядаги ҳолатни муҳокама қилди.

Шунингдек, улар Туркияга етказиб берилаётган газ учун тўловни қисман рублга ўтказиш масаласида ҳам келишувга эришди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 117
Рейтинг: 3.1
t
×