Эрдўған Путин ва Зеленский билан гаплашиб олиши кутилмоқда 

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яқин кунларда Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан Украинадаги вазият юзасидан телефон орқали мулоқот қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли маълум қилди.  

“Жаноб Президентимиз яқин кунларда етакчилар билан музокараларни давом эттиради, биз, ўз навбатида, россиялик ва украиналик ҳамкасбларимиз билан доимий телефон алоқасини олиб борамиз. Москва билан музокараларда иштирок этган Украина делегацияси билан ҳам музокаралар олиб борганман”, деган Чавушўғли NTV телеканалига берган интервьюсида. 

Унинг сўзларига кўра, Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар муҳити ўзгарган. 

“Аммо биз умидимизни йўқотмаяпмиз, етакчилар учрашувини ташкил этиш, барқарор ўт очишни тўхтатишга эришиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. Агар яқин кунларда жанговар ҳаракатлар авж олиб кетса, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш қийин бўлади”, деган у. 

Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокаралари 28 февралда, Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан тўрт кун ўтиб бошланди. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг