Эрдўған Путин билан Самарқандда гаплашиб олишга келишди
Олам
−
03 Сентябрь 2022
5596Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 3 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Суҳбатда МАГАТЭ миссиясининг Запорожье атом электр станциясига ташрифини ташкил этишда Россия Федерациясининг конструктив роли таъкидланди”, дея хабар бермоқда Кремль Матбуот хизмати.
Шунингдек, томонлар Украинадаги вазиятга тўхталиб ўтган.
Президентлар 22 июль куни Истанбулда тузилган “дон келишуви”ни амалга ошириш масаласини ҳам кўриб чиққан.
Давлат раҳбарлари режага кўра, Туркиянинг биринчи Аккую атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишга қатъий эканликларини тасдиқлаганлар
“Президентлар Эрдўған ва Путин режалаштирилганидек, Аккую АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатъиятли эканликларини яна бир бор тасдиқладилар. Бу ва бошқа масалаларнинг барчасини икки раҳбар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган саммити доирасидаги учрашувда батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар”, дейилади Кремль хабарида.
Қолаверса, 5 август куни Сочида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувлар доирасида Россия ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Кремль “савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, жумладан, энергетика соҳасида қўшма стратегик лойиҳаларни илгари суриш ниятини тасдиқланганини” қўшимча қилди.
Туркия Президенти Владимир Путинга СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёвнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
“Туркия раҳбари СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачёвнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди, унинг Россия ва бутун дунёнинг янги тарихидаги муҳим ролини қайд этди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь