Эрдўған Путин билан қўнғироқлашди
Олам
−
25 Июнь
4833Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия етакчиси Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда Доғистондаги терактларни муҳокама қилди ва ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
“Президент Эрдўған Туркия террорнинг ҳар қандай кўринишига қарши эканини ва террор ҳужумларини нафрат билан қоралаганини айтди. Шунингдек, у қурбонлар учун Россия халқига ҳамдардлик билдирди ва жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. Президент Эрдўған Туркия минтақадаги барча тўқнашувларга барҳам бериш учун ҳаракат қилишда давом этишини айтди”, дейилади хабарда.
Кремль матбуот хизматининг хабар беришича, Владимир Путин ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирган. Раҳбарлар терроризмга қарши кураш соҳасида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олган.
“Кейинги шахсий алоқалар, жумладан, 3-4 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасидаги учрашув борасида келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Дарбанд ва Махачқалъадаги бир гуруҳ террорчилар, иккита православ черкови ва иккита синагогага ҳужум қилганди. Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 26 киши жароҳатланган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тинч аҳоли вакиллари бор.
Мазкур ҳолат юзасидан терроризм, ноқонуний равишда ўқотар қуролларни қўлга киритиш, сақлаш ва ташиш, шунингдек, ўғирлаш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Миллий аксилтеррор қўмитаси маълумотларига кўра, беш нафар жангари зарарсизлантирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь