Эрдўған Пашинянга китоб совға қилди
Олам
−
25 Сентябрь
2804Арманистон Бош вазири Никол Пашинян кеча, 24 сентябрь куни Нью-Йоркда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокара ўтказди. Бу ҳақда икки етакчининг матбуот хизматлари хабар берди.
Билдирилишича, учрашув давомида Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш масалалари, шунингдек, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёнлари муҳокама қилинган. Шунингдек, Эрдўған Туркия Ереван ва Баку ўртасида мустаҳкам тинчлик ва янги тарихий даврда дўстлик алоқаларини ўрнатишни фаол қўллаб-қувватлашини билдирган. Туркия раҳбарининг идораси ҳам ушбу мақсадларга эришиш учун ҳаракатлар давом этаётганини тасдиқлаган.
Бундан ташқари, учрашув давомида Эрдўған Пашинянга ўз муаллифлигидаги “Дунё янада одил бўлиши мумкин” номли китобни совға қилган.
Арманистон-Туркия муносабатлари
1991 йилдан бошлаб Арманистон ва Туркия ўртасида ҳеч қандай алоқа мавжуд бўлмаган. Икки давлат чегараси эса 1993 йилда Анқара ташаббуси билан ёпилган. Муаммоли масалалар қаторида Анқаранинг Арманистон томонидан илгари сурилган арман геноцидини халқаро тан олиш жараёни ва Қорабоғ можаросидан норозилиги ҳам мавжуд бўлган.
2021 йил декабрь ойида Арманистон ва Туркия муносабатларини нормаллаштириш бўйича ўз эмиссарларини – Арманистон Республикаси Миллий Ассамблеяси вице-спикери Рубен Рубинян ва тажрибали дипломат, Туркиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Сердар Қилични тайинлаган.
2022 йил 12 март куни Анталия дипломатик форуми доирасида Арманистон ва Туркия ТИВ раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган. Унда муносабатларни нормаллаштиришнинг кейинги босқичи муҳокама қилиниб, томонлар ушбу жараённи шартларсиз илгари суришга тайёрлигини тасдиқлаган.
2022 йил 1 июлда Арманистон ва Туркия эмиссарлари тегишли равишда Арманистон ва Туркияга ташриф буюрган учинчи давлат фуқаролари учун Арманистон-Туркия қуруқлик чегарасини имкон қадар тезроқ кесиб ўтиш имкониятини таъминлашга келишиб олган. Шунингдек, Арманистон ва Туркия ўртасида тўғридан тўғри ҳаво юк ташувини имкон қадар тезроқ бошлаш бўйича келишувга эришилган.
2023 йил 1 январдан бошлаб Арманистон ва Туркия ўртасида тўғридан тўғри ҳаво юкларини ташиш чекловлари ҳам олиб ташланган.
2024 йил 1 март куни Арманистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Хоқон Фидан Анталияда бўлиб ўтган учрашувда муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга тайёр эканини тасдиқлаган, шунингдек, бу йўналишдаги мумкин бўлган аниқ қадамлар ҳақида фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Нью-Йоркдаги Турк уйида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессияси доирасида Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашганди.
LiveБарчаси