Эрдўған коронавирусга қарши кўп эмлангани учун танқидга учради
Олам
−
04 Июнь 2021
5366Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған коронавирусга қарши учта доза вакцина олганини маълум қилганидан сўнг танқидга учради. Бунга сабаб қилиб мамлакатда вакциналар етишмаётгани кўрсатилган. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берган.
Эрдўған Туркияда биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши эмланган. У 14 январь куни Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасининг биринчи дозасини олган. Ушбу вакцинанинг иккинчи дозасини 11 февралда қабул қилган. У учинчи дозани 10 мартда қабул қилганига қарамай, бу ҳақда орадан деярли уч ой ўтгандан сўнг, яъни жорий ҳафтада маълум қилган. Бироқ, Туркия Президенти ушбу вакцина Sinovac ёки Туркия ҳам сотиб олган Pfizer вакцинаси эканлигига аниқлик киритмаган. Туркия етакчисининг таъкидлашича, у организмидаги антитаналар миқдори ошиш ёки ошмаслигини текшириш учун учинчи дозани олган.
Қайд этилишича, Эрдўған қўшимча дозани олган пайтда Pfizer вакцинасининг биринчи дозасини олиш ҳуқуқига эга бўлганлар мамлакатда вакциналар етишмаслиги сабабли бир ой эмас, балки 12 ҳафта кутишларига тўғри келиши айтилган.
“Фуқаролар учун ҳатто битта доза ҳам йўқ, аммо Эрдўған учун бирданига уч доза бор”, деган Туркиянинг мухолифатдаги Республика Халқ партияси парламент гуруҳи раҳбари Энгин Ўзкўч.
Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар Туркияда 30 миллионга яқин вакцина қўлланилган бўлиб, 12 миллион киши — аҳолининг 15,4 фоизи иккита доза вакцина олган. Шу пайтгача касалланганлар сони 5,27 млндан ошган. 47 882 нафар бемор вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 31 май куни коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган баъзи чекловлар юмшатилиб, хусусан, тўйларни ўтказишга рухсат берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь