Эрдўған Истанбулдаги келишув иштирокчиларини шартларни бажаришга чақирди
Олам
−
26 Июль 2022
4187Украина донини дунё бозорига етказиш бўйича Истанбулда имзоланган келишув иштирокчилар унинг шартларига риоя қилиши ва мажбуриятларига содиқ бўлиши керак. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шундай чақириқ билан чиқди.
Туркия раҳбари TRT телеканали орқали сўзлаган нутқида, ғалла масаласида олиб борилган интенсив мулоқот натижасида Туркия Украина ғалласини Қора денгиз орқали жаҳон бозорларига хавфсиз экспорт қилиш бўйича шартнома имзолашга муваффақ бўлганини айтди.
Давлат раҳбарининг фикрича, режанинг муваффақиятли амалга оширилиши жиддий тус олган глобал озиқ-овқат инқирози оқибатларини камайтиришни бошлайди.
Эрдўған Анқаранинг ушбу тарихий муваффақиятга қўшган ҳиссаси Туркиянинг глобал муаммоларда ўйнай оладиган ролининг аҳамиятини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади. Туркия раҳбарининг фикрича, дон йўлаги жараёни ҳамон нозик ва келишувнинг барча томонлари масъулият билан ёндашиши керак.
“Ҳар ким ўз мажбуриятларига мувофиқ ҳаракат қилиши, шунингдек, имзоланган келишувга зид бўлган ҳаракатлардан қочиши керак”, дея таъкидлаган Эрдўған Одесса портига қилинган ҳужумларга эътибор қаратиб.
Туркия етакчиси Анқара ушбу келишувни амалда унинг барча элементлари билан амалга ошириш тарафдори эканлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.
LiveБарчаси