Эрдўған Истанбул учун “жанг”га кирадиган номзодини очиқлади
Олам
−
08 Январь
7538Туркиянинг собиқ Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири Мурод Курум 31 март куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловларда Истанбул мэрлиги учун курашади. Унинг Туркиянинг энг йирик шаҳри мэрлигига ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясидан номзод сифатида кўрсатилганини партия раҳбари, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эълон қилди.
Эрдўған Истанбулдаги йиғилишда 11 шаҳар ҳокимлигига номзодлар ва 25 муниципалитет раҳбарларини таништирар экан, Истанбул мэрлигига номзод Мурод Курумни кўрсатишини билдирди.
47 ёшли Курум 2018-2023 йилларда Туркия Атроф-муҳит вазирлигини бошқарган. Ўтган йилнинг май ойида у парламентга сайланган ва атроф-муҳит масалалари бўйича комиссияга раҳбарлик қилган. У Истанбулдаги 1,5 миллион уй аҳолисини беш йил давомида зилзилаларга чидамли уйларга жойлаштириш лойиҳаси муаллифларидан бири бўлиб, 16 миллион кишилик шаҳарда содир бўлиши мумкин бўлган кучли зилзилага тайёргарлик кўрмоқда.
31 март куни бўлиб ўтадиган сайловлардаги асосий қарама-қаршилик Истанбул ва Анқара мэрлари лавозимлари учун бошланиши кутилмоқда. Эрдўғаннинг партияси 2019 йилда, республиканинг энг йирик шаҳри ва пойтахтида асосий мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси ғалаба қозонган сайловлар учун улардан ўч олиш ниятида.
Истанбул ва Анқара шаҳарларининг амалдаги мухолифат мэрлари Экрем Имомўғли ва Мансур Яваш март ойидаги сайловларда яна иштирок этади.
Эрдўған 15 январь куни Анқара мэри лавозимига номзодни очиқлаш ниятида, ўша пайтда ҳукмрон партиянинг сайловолди дастури эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда шаҳарлар мэрлиги учун ўтказилган сайловда ўтган 20 йилда биринчи марта Истанбул шаҳри Жумҳурият Халқ партияси номзоди қўлига ўтди. Унга қарши курашган Эрдўған вакили – Бинали Йилдирим сайловнинг биринчи турида ҳам, иккинчи турида ҳам мағлуб бўлди.
LiveБарчаси