Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришига йўл қўймаслигини айтди

Олам 13750
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 16 май куни Анқара Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришига рози бўлмаслигини айтди. Бунга икки давлат Анқаранинг террорчиликда гумон қилинганларни экстрадиция қилиш бўйича сўровига рад жавобини бергани сабаб бўлган.

“Улар террорчиларни бизга топширмайди деган хабарлар бор. Биз бу икки давлатнинг НАТОга аъзо бўлишига “ҳа” демаймиз”, деган Туркия Президенти Анқарада Жазоир Президенти Абдулмажид Теббун билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

У Финляндия ва Швеция делегацияларини расмий Анқарани кўндириш учун Туркияга бориб овора бўлмасликка чақирди.

“Ҳатто уларнинг (Швеция ва Финляндия – таҳр.) парламентларида ҳам терроризм тарафдорлари бор. Улар бизни ишонтиришга келишадими? Улар ўзларини безовта қилмасинлар. Биринчидан, бу жараёнда Туркияга қарши санкциялар қўллаётганларга НАТОга аъзо бўлиши учун “ҳа” демаймиз”, деган Туркия Президенти.

Унинг қўшимча қилишича, агар Туркия Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилишига рози бўлса, Шимолий Атлантика альянси “террорчилар концентрацияси”га айланади. 

“НАТОга аъзо бўлиш илтимосига Туркияга санкция қўйганларга ижобий жавоб бермаймиз. Хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланувчи ташкилотга. Кейин НАТО хавфсизлик ташкилоти бўлишни тўхтатиб, террорчилар тўпланган жойга айланади”, дейди Эрдўған.

Маълумот учун, Хельсинки ва Стокгольм 2019 йилда Туркиянинг Суриядаги трансчегаравий операциялари муносабати билан мамлакатга мудофаа саноати маҳсулотлари экспортини чеклаган.

Кеча, 16 май куни эрталаб Туркиянинг TRT телеканали НАТОга қўшилиши ҳозирги босқичда Туркия томонидан қўллаб-қувватланмаётган Финляндия ва Швеция Анқаранинг террорчи деб тан олинган гуруҳлар фаолиятига алоқадорликда гумон қилинган 33 нафар шахсни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосини қондиришдан бош тортгани ҳақида хабар берган эди. Туркия ҳукумати “PKK (Курдистон ишчилар партияси – таҳр.) ва ФЕТО (“Фетуллоҳчи террорчилик ташкилоти”) террорчилари”ни экстрадиция қилишни сўраган. Бироқ Хельсинки ва Стокгольм уларни Анқарага экстрадиция қилишдан бош тортган. TRT хабарига кўра, Финляндия ва Швеция баъзи сўровларга салбий жавоб берган, баъзилари эса бутунлай жавобсиз қолган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди 

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. 

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди. Кейинроқ Швеция Анқарага делегация юбориши, Финляндия Президенти эса шахсан Эрдўған билан келишмовчиликларни муҳокама қилишга тайёрлиги айтилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3
t
×