Эрдўған Эронга борди
Олам
−
19 Июль 2022
8796Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 19 июль куни “Остона жараёни” саммитида иштирок этиш учун Эрон пойтахти Теҳронга етиб келди. Туркия раҳбари Президент саройида алоҳида қабул маросими билан қаршиланди.
Шундан сўнг, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва Туркия раҳбари ўртасида учрашув бошланган. Давлат раҳбарлари суратга тушиб бўлгач, музокараларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказгани айтилмоқда.
Эрдўғаннинг журналистларга маълум қилишича, Теҳронда бўлиб ўтадиган Остона “учлиги” саммити Сурияни тартибга солиш жараёнини қайта кўриб чиқишга ҳисса қўшиши мумкин.
"Саммит Остона жараёнини қайта баҳолаш ва юқорига кўтаришга ёрдам бериши мумкин. Путин ва Раисий билан бу масалани ва Суриядаги сўнгги воқеаларни муҳокама қиламиз", деди у.
Бугун, 19 июль куни Теҳронда Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал этиш кафолати бўлган давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади, саммитда Россия, Эрон ва Туркия Президентлари иштирок этади. Томонлар музокаралар якунида қўшма баёнот қабул қилишни режалаштирмоқда.
Россия, Туркия ва Эрон 2017 йил январь ойида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда Суриядаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишнинг кафиллари бўлган ва шу сабабли “Остона жараёни” деб номланган. 2019 йилда Остона номи Нур-Султонга ўзгартирилганига қарамай, музокаралар форматининг номи ўзгаришсиз қолди.