Эрдўған эридан калтак ейдиган аёллар билан ифтор қилди
Олам
−
16 Апрель 2022
11763Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Рамазон ойининг ҳар бир кунида ифторни турли соҳа вакиллари билан бир дастурхон атрофида қилмоқда. Баъзан оддий одамларнинг хонадонида меҳмон бўлиб, улар билан чой устиа суҳбат қурмоқда. Эрдўғаннинг галдаги ифтор дастурхони меҳмонлари эса мамлакатда зўравонлик қурбони бўлган, турмуш ўртоғи, отаси ва иш жойида, кўчада эркаклар томонидан тазйиққа учраган аёллар бўлди.
Истанбулдаги Долмабахчи саройида ўтган ифторда Президент ва унинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған аёлларни қабул қилди.
Ифторда зўравонлик оқибатида вафот этган аёлларнинг яқин қариндошлари ҳам иштирок этди.
Сўзи аввалида, Эрдўған, юридик, суд, маъмурий ва энг муҳими, ақл ва қалбни қамраб оладиган кенг қамровли қадамлар билан мамлакатни аёлларга нисбатан зўравонлик ва аёллар ўлими шармандалигидан қутқаришга қарор қилганини очиқлади.
Сўнгги пайтларда зўравонлик туфайли ҳаётдан кўз юмган аёлларнинг исмларини тилга олган Президент, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб, Аллоҳдан раҳмат тилади.
“Жуда қайғу билан айтмоқчиманки, дунёнинг деярли барча жойларида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам аёлларга нисбатан зўравонлик ва унинг оқибатидаги қотиллик ҳолатлари давом этмоқда. Асосан, одамларнинг зўравонлик қилишлари, жароҳатлашлари ва айниқса, ўз жонларига қасд қилишлари қабул қилиниши мумкин эмас. Аёллар ҳақида гап кетганда, бу ҳолат анча жиддийроқ, адолатсизроқ ва жуда ҳам юракни эзадиган даражада.
Умид қиламанки, биз зўравонликка олиб келадиган сабабларни зўравонликнинг ўзи билан бирга йўқ қилмагунимизча, шу тарзда курашимизни тинимсиз давом эттирамиз. Мен аёлларга нисбатан зўравонликка қарши туришни инсонпарварлик, маъмурий бурчимиздан ташқари, марҳум онам, рафиқам ва қизларим олдидаги масъулиятим талаби деб биламан. Ёдингизда бўлса, сепаратистик террорни илдизидан тугатиш учун йўлга чиққанимизда “Оналар йиғламасин” дедик. Энди биз аёлларга нисбатан зўравонлик ва аёл ўлими ҳақида ҳам худди шундай деймиз. Оналар, оталар, ака-укалар, болалар зўравонлик сабабидан йиғламайдиган кунлар узоқ эмас, деган умиддаман”, дейди Эрдўған.
Президент Эрдўған, аёлларга нисбатан зўравонлик ва аёллар ўлдирилишининг олдини олиш мақсадида сўнгги 20 йил ичида Туркияга кўплаб янги ҳуқуқий ва маъмурий тартиблар кириб келганини урғулади.
2004 ва 2010 йилларда Конституцияга киритган ўзгартиришлари билан бу курашни энг кучли қонуний асосга олиб чиққанликларини ифода этган Президент Эрдўған, парламентда ташкил этилишини рағбатлантирган Эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар комиссияси орқали қонун чиқарувчиларнинг диққатини ушбу масалага қарата олганини қайд этди.
“Масалан, 2005 йилда кучга кирган янги Турк Жиноят Кодекси аёлларни ўлдириш учун жазоларни кучайтиришда жуда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Шубҳасиз, бу борадаги энг катта инқилоб 2012 йилда қабул қилинган “Оилани ҳимоя қилиш ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонундир. Ушбу қонун билан илк бор “зўравонлик”, “оилавий зўравонлик”, “аёлларга нисбатан зўравонлик” каби тушунчаларга таъриф берилди ва аёллар ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилинди”, дейди Президент.
Туркия раҳбари сўзида давом этаркан, зўравонликнинг олдини олиш ва назорат қилиш марказларига охирги 10 йилда жами 325 минг аёл ва 190 минг бола жойлашиши муаммонинг қанчалик катталигини кўрсатмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь