Эрдўған дунёни ЛГБТга қарши курашга чақирди
Олам
−
25 Сентябрь
80252024 йилги ёзги Олимпиада ўйинларининг очилишида рўй берган шармандалик, унда бесоқолбозликнинг очиқдан-очиқ тарғиб қилиниши ва қўллаб-қувватланиши инсоният дуч келаётган хавфнинг асл моҳиятини ва даражасини очиб берди. Бунга Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 24 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги нутқида тўхталди.
“Жамият таянчи бўлган оила институтига ҳужумлар тобора кучайиб бормоқда. 2024 йилги Олимпиада ўйинларининг очилишида саҳнага олиб чиқилган разолат инсоният ўлароқ биз дуч келаётган хавф даражасини очиб берди.
Бегуноҳ болалар, ҳар хил ёшдаги ва турли эътиқоддаги юзлаб миллион кишилар томонидан томоша қилинган спорт тадбиридан жинссиз қилиб, ташвиқот мақсадида, жуда хунук тарзда фойдаланилган. Ўша ёвуз манзаралар нафақат католик ва насроний дунёсини, балки мусулмонларни ва эътиқодларни ҳурмат қиладиган ҳар бир кишини чуқур яралади”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбарига кўра, ЛГБТни нейтраллаш масаласи энди танлов эмас, балки бутун дунё бўйлаб мажбурлаш, том маънода муқаддас ва табиий нарсаларга қарши урушга айланган ва бу жараёнда олдингига қараганда кўпроқ курашиш лозим.
Унинг қайд этишича, бесоқолбозликка қарши турганлар, бу ҳодисаларга муносабат билдирганларнинг овози ўчирилмоқда ва шармандали капманияларга дучор қилинмоқда.
“Нима бўлишидан қатъи назар Туркия занжирларни узиш ва қўрқув муҳитига қарши туришга қарор қилди. Шу мақсадда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Оила дўстлари гуруҳи”га аъзо бўлдик. Умид қиламизки, биз бошқа аъзо давлатлар билан ҳамжиҳатликда оила, одамлар ва табиатни ҳимоя қилишдан бош тортмаймиз. Мен биз билан бир хил ташвишларга эга бўлган мамлакатларни бу курашга таклиф қиламан”, дейди Туркия Президенти.
Маълумот учун, Олимпиаданинг очилиш маросими диний етакчилар ва халқаро ҳамжамият томонидан насронийларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилгани учун танқид қилинди. Очилиш маросимида аёллар кийимини кийиб, пардоз қилиб олган эркак ижроси рассом Леонардо да Винчининг "Сўнгги кечки овқат" картинасига провокацион пародия сифатида баҳоланди.
Франция католик черкови, бир қатор насроний уюшмалари, жумладан, Яқин Шарқ черковлари кенгаши ва Ватикан Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига бундай саҳнанинг киритилишини кескин қоралади.
Шунингдек, Олимпиадага тайёргарлик кўриш жараёнида Франция ҳукумати бошпанасиз ва ноқонуний муҳожирларни, жумладан, вояга етмаганларни Париж ва унинг атрофидаги ҳудудлардан ҳайдаб чиқарди.
2023 йил апрелидан 2024 йил майигача 12 545 киши кўчирилди. Бу ҳақда аҳолининг энг заиф қатламлари – бошпанасизлар, мигрантлар, гиёҳвандликка чалинганлар, одам савдоси қурбонлари ва бошқаларга ёрдам берадиган юздан ортиқ уюшма ва ташкилотларни ўз ичига олган “Le Revers de la médaille” ассоциацияси ҳисоботида айтилади. Уйсизлар автобусда Франциянинг турли шаҳарларига, жумладан, Страсбург ва Орлеанга олиб кетилган.
2023 йил сентябрь ойида Франция спорт вазири Амели Оудеа-Кастера мамлакат олимпия терма жамоасидаги франциялик аёл спортчиларга Олимпиада ўйинларида ҳижобда юриш тақиқланишини эълон қилган.
Франциялик югурувчи Соункамбе Силла ҳижоби туфайли Ўйинларнинг очилиш маросимида иштирок эта олмади. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва бир қатор спортчиларнинг салбий муносабатидан сўнг спортчининг очилиш маросимида махсус қалпоқчада иштирок этиши ҳақида келишувга эришилди.